Спорт | 08:56 / 12.09.2016
25324
2 дақиқада ўқилади

Паралимпия ўйинлари. Ўзбекистон вакиллари яна 2та олтин медаль олди

Рио-де-Жанейро шаҳрида давом этаётган Паралимпиада ўйинларининг тўртинчи куни ҳам Ўзбекистон вакиллари учун муваффақиятли кечди.

Шу куни Ўзбекистон делегацияси ҳисоби 2та олтин медаль билан бойиди.

Сузувчилар жамоаси вакили Фотима Омилова 100 метрга брасс усулида сузиш мусобақасида 1:12.45 сониялик натижа кўрсатди ва маррага биринчи бўлиб келди. У Паралимпиада чемпионлигига эришиш билан бирга, жаҳон рекордини янгилади.

Бу Фотимахон Омилованинг Рио-2016 паралимпия ўйинларида учинчи медали бўлди. Бунгача у 200 метрга комплекс услубда сузишда кумуш, 100 метрга баттерфляй услубда сузишда бронза медалларига сазовор бўлганди.

Эркаклар ўртасида беллашувларда эса Фирдавс Мусабеков олтин медаль билан тақдирланди. 1:04.94 сониялик натижа кўрсатган Мусабеков украиналик спортчи Алексей Федина  билан бир хилда натижа қайд этди.

Натижада ҳар икки спортчига олтин медаллар топширилди. Шу пайтгача Рио-2016 паралимпиадаси 2та олтинга эга чиққан беларуслик Ихар Боки "бронза"ни қўлга киритди.

Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги олтин медаллар сони 6тага етди. Ўзбекистон ҳисобида жами 21та медаль бор (6та олтин, 4та кумуш ва 11та бронза).

Ўзбекистон медаллар ҳисоби бўйича рейтингда 6-ўринни банд этиб турибди.

Бу борада ўзбекистонлик спортчилар мезбон Бразилиядан кейинги ўриндан жой олган. Бразилияда ҳам олтинлар сони 6 та, бироқ кумуш медаллар Ўзбекистонникига қараганда 7 тага кўпроқ.

Кучли учлик ўзгаришсиз қолди: Хитой, Буюк Британия, Украина. АҚШ делегацияси кучли тўртликдан жой олган.

Мавзуга оид