Ўзбекистон | 07:24 / 17.09.2016
91583
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон бўйлаб илк сафарини амалга оширди

Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, Республика Бош вазири Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, саноат, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳаларда  амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан танишишдир. 

Шавкат Мирзиёев сафар давомида вилоятнинг Жиззах шаҳри, Пахтакор, Зафаробод, Дўстлик туманларида бўлди.

 Жиззах вилояти фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда давлатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Ватанимиз озодлиги, юрт равнақи, тинчлигини таъминлаш борасидаги фаолияти, беқиёс хизматлари алоҳида қайд этилди. 

 Иқтисодиётда олиб борилаётган ислоҳотларни ривожлантириш борасидаги долзарб вазифалар, коммуникация тизимларини янада тараққий эттириш, замонавий иншоотларни қуриш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. 
 
Шунингдек, шу куни Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўриб чиқилди. Иш фаолиятида жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун Жиззах шаҳар ҳокими Асрор Қобилов ўз вазифасидан озод этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг тавсиясига кўра Жиззах шаҳар ҳокими вазифасига Абдуқаҳҳор Тўхтаев тасдиқланди.

 Шу куннинг ўзида яна бир нечта ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, ишда йўл қўйилган хато ва камчиликлари учун Жиззах вилояти прокурори, шунингдек, қатор туман ҳокимлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ва уларнинг ўрнига янги номзодлар тасдиқланди.
 Жиззах вилояти раҳбарияти зиммасига аниқланган камчиликларни бартараф қилиш, барча соҳа ва тармоқлар  самарадорлигини оширишга йўналтирилган истиқболли чора-тадбирлар белгилаш вазифаси юклатилди.

 

Мавзуга оид