Ўзбекистон | 12:42 / 20.09.2016
48045
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегаранинг 23та ҳудудида текширув ўтказди

Ўзбекистон ва Қирғизистон томонлари мутахассислари умумий чегаранинг алоҳида ҳудудларида текширувлар ўтказди.

"14—20 сентябрь кунлари давомида Жалолобод ва Ўш шаҳарларида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг ўзбек-қирғиз Давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича учрашуви бўлиб ўтди", дейилган Ўзбекистон ТИВ сайти тарқатган хабарда.

Қайд этилишича, ушбу давр мобайнида давлат чегараси чизиғининг 23та ҳудуди биргаликда дала шароитида текширилган.

Учрашув якунида протокол имзоланган.

Собиқ Иттифоқ тарқалиб кетганидан кейин Ўзбекистон ва Қирғизистон орасидаги чегаранинг ¼ қисми делимитация қилинмасдан қолган. Ушбу сабаб чегарада доимий равишда можаролар келиб чиқишига олиб келмоқда. Охирги 3 йил давомида чегаранинг ушбу бўлагида қурол ишлатилган ўнлаб кўнгилсиз ҳодисалар юз берди.

2015 йилда Қирғизистон ЕОИИга аъзо бўлганидан кейин ушбу давлат чегараси Россия, Қозоғистон, Беларусь, Арманистон ва Қирғизистон аъзо бўлган ушбу иттифоқнинг жанубий қирғоғига айланган.

Маълумот учун, делимитация — қўшни давлатлар ўртасидаги чегарани музокаралар йўли билан аниқлаштириш. Демаркация — давлат чегараси чизиғини махсус белгилар билан ифода қилиш. У чегара делимитацияси тўғрисидаги ҳужжат асосида амалга оширилади.

Мавзуга оид