Жаҳон | 15:07 / 21.09.2016
77197
2 дақиқада ўқилади

Алмазбек Атамбаев "ворис" операциясини қўлламайди

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев "ворис" операциясини қўлламайди. Бу ҳақида ҚР президент аппаратининг ахборот сиёсати бўлими хабар берди. 

Манбага кўра, Алмазбек Атамбаев мамлакат Конституциясига ўзгариш киритиш ташаббускорлари таклиф қилган якуний матн билан танишиб чиққан ва мазкур қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашини билдирган. 
 
"Жўқорғи Кенеш депутатлари давлат раҳбари томонидан тасдиқланган конституциявий ўзгаришлар бўйича халқнинг ўзи қарор қабул қилиши учун имкон яратишларига ҳамда мазкур қонун лойиҳасини референдумга олиб чиқишларига ишончимни билдираман", - деди у. 
 
Унинг сўзларига кўра, депутатларнинг бундай қарори Қирғизистон Республикаси мустақиллигини мустаҳкамлаш бўйича умумий йўналишни қўллаб-қувватлаш ва адолатли ҳамда самарали сиёсий тизим яратиш сифатида баҳоланади. 
 
"Ҳар бир давлат тарихида ўз халқи ва юрти келажаги учун бирдамликни  намойиш этиш керак бўладиган пайтлар кузатилади. Ўйлайманки, Қирғизистон халқи ва халқ томонидан сайланган Жўқорғи Кенеши ўтган 5 йил давомида президентнинг манфаатпарастлик мақсадлари бўлмаганига ишонч ҳосил қилди", - дея президентнинг сўзларини келтиради унинг матбуот хизмати.

Алмазбек Атамбаев Қирғизистонда ҳеч қачон кейинги давлат раҳбари ким бўлишини олдиндан билиб бўлмайди, деб ҳисоблайди. "Шу боис мен "ворис" операциясини қабул қила олмаслигимни дарҳол айтганман. Конституциявий ўзгаришларда парламентни заифлаштирувчи ёки бош вазир ваколатини ҳаддан зиёд кучайтирувчи тўғрилашлар йўқ. Аксинча, уларда аксариятнинг коалицияси кучайтирилади ва ҳақиқий парламент мухолифати пайдо бўлади. Тўғрилашлар Қирғизистон парламентаризмини мустаҳкамлаш сари қўйилган яна бир катта қадамидир", - деди ҚР раҳбари. 
 

Мавзуга оид