Жаҳон | 09:24 / 26.09.2016
6287
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Судан исёнчиларининг етакчиси тарафдорларини янги уруш бошлашга чақирди

Фото: Reuters

Жанубий Судан исёнчилари етакчиси Риек Машар хориждан туриб ўз тарафдорларини ҳукуматга қарши янги уруш бошлашга чақирди ва 2015 йилда тузилган тинчлик келишувини тан олмаслигини маълум қилди.

Вице-президент Машар жорий йилнинг июль ойида, янги фуқаролар уруши арафасида мамлакатни тарк этган эди. Айни дамда у Судан пойтахти Хартум шаҳрида яширинган.

Франс Пресс ахборот агентлигининг маълум қилишича, Машар “мамлакатга тинчлик, эркинлик ва демократияни қайта олиб келиш учун президент Сальва Кииранинг авторитар ва фашистик тузумига қарши халқни қўзғалонга” чорлаган.

Машар қочиб кетгач, вице-президентлик унвонидан маҳрум бўлган. Унинг ўрнига исёнчиларга раҳбар ва вице-президент Табан Денг бўлди. У ҳукумат билан музокаралар олиб бормоқда.

Денганинг тарафдорлари Машар тинчлик сулҳига эриша олмаслигини иддао қилишади.

2013 йил декабрида Сальва Киир қўзғолончиларнинг собиқ етакчиси, ўзининг ўринбосари Риек Машарнинг лавозимидан бўшатиши Жанубий Суданда можаро келиб чиқишига сабаб бўлди. Икки сиёсатчи ўртасидаги қарама-қаршилик туфайли уларнинг тарафдорлари, икки хил элат вакиллари ўртасида тўқнашувлар содир бўлиши тезлик билан авж олди. Тўқнашувларда қурбон бўлганлар сони ўн минглабни ташкил қилади.

2015 йилнинг август ойида Киир ва Машар тинчлик келишувини имзолади. Шу йилнинг январь ойидан бошлаб улар миллий бирлик ўтиш ҳукумати тузишга келишиб олди. Шу йилнинг 7 июль куни ҳукумат кучлари ва қуролланган мухолифатчилар ўртасида можаро яна янгиланди.

Мавзуга оид