Фан-техника | 16:54 / 03.10.2016
7965
2 дақиқада ўқилади

Toyota фарзанди йўқ аёллар учун робот-болакай яратди

Toyota Motor компанияси Kirobo Mini номини олган робот-болакайнинг яратилгани ҳақида эълон қилди; у туғилиш суръати рекорд даражада  пасайиб бораётган Япониядаги фарзанди йўқ аёлларга мўлжалланган. Бу ҳақида Reuters агентлиги хабар берди

Агентлик маълумотларига кўра, Toyota кашфиёти аҳолининг қариш даражаси бўйича ривожланган мамлакатлар орасида етакчилик қилаётган Япониядаги демографик тенденциянинг салбий оқибатларини юмшатишга қаратилган. 

"У бироз тебранади ва кўникмалари яхши ривожланмаган боладек таассурот қолдиради", - дейди бош дастурчи Фуминори Катаока. Унинг сўзларига кўра, бундай хусусият робот ва унинг эгаси ўртасида "руҳий боғлиқлик"ни келтириб чиқаради. 

Маълумотларга кўра, Toyota келаси йилдан Kirobo Mini сотувларини бошлашни режалаштирмоқда. Унинг нархи - 39 800 иен (392 доллар).

Компанияда Kirobo Mini'нинг яратилиши инсон ҳис-туйғуларини таниб, унга жавоб беришга қодир янада илғор роботларни яратишда муҳим қадам бўлганлиги таъкидланди. 

Манбага кўра, Toyota робот-болакайларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ягона компания эмас. Ундан аввал  Япониянинг Intelligent System Co Ltd. компанияси кекса японларда руҳий безовталик омилини юмшатиш мақсадида Paro роботларини яратган.

Мавзуга оид