Фан-техника | 23:18 / 05.10.2016
9017
2 дақиқада ўқилади

Honda NSX суперкарининг биринчи нусхаси ари деб пачоқ бўлди

фото: Honda NSX

Жуда технологик, чиройли, қимматбаҳо, тезкор, тежамкор деб таърифланаётган Honda NSX суперкарининг биринчи нусхаси Тайвань йўлларида йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бунга эса ари айбдор бўлгани айтилмоқда. 

Борт рақами "0000" бўлган машина Тайбэй кўчаларида кезаётганда уни бошқараётган 27 ёшли Ху исмли журналист ойнани тушириб кетишга қарор қилган. Бу вақт машина ичига кириб қолган ари журналистни бўйнидан чаққан. Шундан кейин Ху машина бошқарувини қўлдан чиқарган ва машина ажратувчи тўсиққа бориб урилган. Албатта, маҳаллий полиция бундай "қизиқарли" воқеадан кейин Хуни "ҳушёрликка текширишга" қарор қилган, бироқ журналистнинг қонида заррача алкоголь аниқланмаган, деб ёзмоқда Carbuzz нашри.

фото: Honda NSX

Автомобилнинг ЙТҲдан кейинги ҳолати тасвирланган видеода унинг олд чап қаноти, бампери, капоти ва чироқларига шикаст етганини кўриш мумкин. Шунингдек, олд чап эшик, олд подвеска ва диск ҳам таъмирталаб бўлиб қолган. Автомобилдан қуюқ суюқлик оқаётгани эса унинг тормоз тизими ҳам ишдан чиққан бўлиши мумкинлигидан дарак беради. Автомобиль салонида шунингдек хавфсизлик ёстиқчаларини ҳам алмаштиришга тўғри келади.

Маълум қилинишича, пачоқ бўлган суперкар синовлар учун ишлатилган. Таъкидланишича, Honda Тайванга 9 та NSX’дан етказиб беришни режалаштирган.

Худди шундай рақамли NSX аввалроқ дунёнинг етакчи автомобиль кўргазмаларида ўзини "кўз-кўз" қилиб турганди ва ЙТҲга айнан шу автомобиль тушган бўлиши мумкин. 

 

Мавзуга оид