Жамият | 18:56 / 28.10.2016
17035
8 дақиқада ўқилади

“Панда дипломатияси”

Фото: worldwildlife.org

Хитой ҳукумати 2025 йилга қадар ёввойи табиатдаги пандалар сонини 18 фоизга кўпайтиришга қарор қилди. Бу режага кўра, яна ўн йилдан кейин ёввойи табиатдаги пандалар сони 2 минг 200 тага етади. Айни дамда Хитой ёввойи табиатида 1 минг 864 та панда мавжуд. Яна 422 панда махсус марказларда боқилади. 

Ҳукумат 2025 йилгача Сичуань, Ганьсу ва Шэньси вилоятларида пандалар учун махсус ҳудудлар яратиш устида иш олиб бормоқда. Махсус марказлардаги пандалар ҳам кейинчалик ёввойи табиатга қўйиб юборилиши мумкин. Катта панда бамбук айиғи ҳам деб аталади. Унинг ватани Хитойнинг марказий ҳудудлари, дея тан олинган. Панда тунги ҳайвон бўлиб уни ер шарининг ҳамма жойида ҳам учратиб бўлмайди. Ватани Сичуань вилояти ва Тибет бўлган катта панда ҳайвонларнинг йўқолиб бораётган турига кирган бўлиб, Хитой давлати томонидан Қизил китобга киритилган ва муҳофазага олинган. Бундан ташқари, панда Хитой рамзи ва фахри ҳамдир. Шу сабабли ҳам Пекин дипломатиясида алоҳида ўрин тутади. Бу ҳайвонларни бошқа мамлакатларга юбориш анъанага айланиб қолган, айрим ҳолларда уни “панда дипломатияси” деб ҳам айтишади. Пандани овлаганларга Хитойда ўлим жазоси қўлланилади.

Қадимда ва ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб, ҳамкорлик тўғрисидаги шартномаларга биноан, Хитой ўз ҳамкорлари бўлмиш давлатларга бу ноёб жониворни совға қилган. “Осмон ости мамлакати” ҳукмдорлари дипломатик учрашувлар вақтида бир-бирларига панда совға қилишган. Буюк Британияда нашр қилинадиган “Файнэншел-таймс” газетасита босилган мақоладаги “Катта пандани кузатинг: Айнан у Хитой ташқи сиёсатини белгилайди”, деган сўзлар бунинг исботидир.

Илк бор панда хизматидан Тан сулоласи (618—907) ҳукмдорлари фойдаланишган. Империя ҳукмдори бўлмиш малика У Цзэтянь иккита пандани Япония императорига совға қилган эди. Аммо бу панда-дипломатия амалиёти ўтган асрнинг 50-йиларга келиб йўлга қўйилди. 1957 йилдан 1983 йилга қадар Хитой 9 та мамлакатга жами 23 та панда совға қилди. Шунда ҳам Хитойга дўст бўлган мамлакатларгагина бериларди. Ғарб мамлакатлари, жумладан, Буюк Британия ва АҚШ оқ-қора рангли айиқни олишга умид қилмаса ҳам бўларди. 70-йилларда Хитой ғарб мамлакатлари билан алоқаларни яхшилаш мақсадида панда-дипломатиясидан фойдаланишга қарор қилди. 1972 йилда АҚШ президенти Ричард Никсон Хитойга ташриф буюради. Ташриф доирасида Пекин ҳайвонот боғига ҳам борди. Олий меҳмон шарафига берилган зиёфатда бош вазир Чжоу Эньлай Ричард Никсоннинг рафиқаси Пэт Никсонга “Панда” сигаретасини кўрсатар экан, шу каби совға олиш нияти бор ёки йўқлигини сўрайди. Аммо АҚШ биринчи хоними чекмаслигини айтади. Шунда бош вазир сигарет қутисида акс этган ҳайвонни совға қилиш ниятида эканини айтади. Шу тариқа Линг-Линг ва Син-Син лақабли пандалар Қўшма Штатлар бўйлаб сафарга чиқади. Пэт Никсон пандаларни Миллий ҳайвонот боғига топширишга қарор қилди. Шу тариқа пандалар Хитой-АҚШ муносабатларининг яхшиланишига хизмат қилди. 1972 йилда Хитой ва Япония ўртасидаги муносабатлар ҳам илиқлаша бошлади. Бунга Японияга совға қилинган иккита - Лань-Лань ва Кан-Кан лақабли пандаларнинг ҳам хизмати бор. 1973 йилда Хитой ҳукумати иккита - Янь-Янь ва Лили лақабли пандаларни Францияга совға қилди. Орадан бир йил ўтиб Цзя-Цзя ва Цзин-Цзин лақабли пандалар Буюк Брианияга совға қилинди.

80-йиллар ўрталарида пандага талаб ортгани боис, ҳукумат миллий бойлик ҳисобланмиш пандлаларни совға қилишни тўхтатди. 1985 йилда ҳукумат бундан кейин панда бошқа мамлакатларга совға қилинмаслигини, балки ижарага берилиши мумкинлиги борасида қарор қабул қилди.

Бугунги кунда пандлалар совға қилинмайди, балки 10 йилга ижарага берилади. Бунинг учун ижарага олмоқчи бўлган давлат Хитойга бир йил учун 1 миллион доллар тўлаб қўйиши керак бўлади. Шунда ҳам битта шарт билан, ўша мамлакатда туғилган панда Хитой мулки ҳисобланади. Агар панда нобуд бўлса, у холда ҳайвонот боғи Хитой ҳукуматига қўшимча равишда товон тўлайди.

Панда йиртқич хайвонлар туркумига кирган бўлишига қарамай, тухум ва қушларни истеъмол қилиши мумкин. Катта панда — тун ҳайвони. Кундузи ухлаб, кечаси ҳаракатланадиган панда айиқларнинг бошқа турларидан фарқли равишда ҳеч қачон овга чиқмайди. Балки ўсимликлар билан озиқланади. Бироқ пандалар бамбукни афзал кўришади. Панда юришни унчалик ҳам хуш кўрмайди. Бироқ овқатланиш, дам олиш ва бошқа мақсадларда дарахтдан дарахтга осилиб юришни яхши кўради.

Хитойда пандалар анча машҳур бўлиб, аҳоли бу жониворни яхши кўради. Хитойликлар бу ҳайвон фақат ўз юртларида яшашидан фахрланишади. Ҳар бир хитойлик пандани кўриш умидида ҳайвонот боғига боришни шараф деб билади.

Юзлаб корхоналар панда кўринишидаги ўйинчоқ ва откриткалар ишлаб чиқаради. Йирик компаниялар ҳам, кичик корхоналар ҳам ўз маҳсулотларида панда сурати бўлишини истайди.

“Панда” хитойчада “да сюнмао” дейилади. Панда Жаҳон Ёввойи табиат Фонди нинг (WWF) расмий рамзи ҳисобланади. Бу рамзни музликлар маконидан тортиб тропик ўрмонларгача, чўл-даштларгача бўлган худудларда учратиш мумкин.

Бунинг тарихи шундай. 1961 йилда Жаҳон Ёввойи табиат фонди ташкил қилинган йилда европаликлар илк бор тирик пандани кўришган. Лондон ҳайвонот боғида пандани кўрган олим ва рассом сэр Питер Скотт панданинг оқ-қора суратини чизди. Айнан рассомнинг таклифи билан фонднинг рамзига айланади. Бугунги кунда Жаҳон Ёввойи табиат фондининг логотипи Олимпиада ва МакДоналдс рамзлари қаторида олтита энг машхур логотипдан бири ҳисобланади. Панда суратини тадқиқот кемаларида ҳам, браконьерларга қарши курашувчи ташкилотларнинг машиналарида ҳам, қўриқхоналарда ҳам, болалар экологик оромгоҳларида ҳам учратиш мумкин. 

Тахминан 2 минг йил авал катта пандалар Шарқий Осиёнинг барча бамбук ўрмонларида, Хитойнинг марказий ва жанубий ҳудудларида, Вьетнам ва Мьянмада учрарди. Бамбук ўрмонлари кесила бошлангач, аста-секин пандалар ҳам йўқ бўлиб кетди. Ўшанда 2000 йилда ер юзида бирорта ҳам панда қолмаслиги башорат қилинган эди. Хитой Халқ Республикаси ташкил топганидан кейин, хукумат ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб пандаларни ўз муҳофазасига олди. Бунинг учун 32 та қўриқхона ташкил этилди. Пандаларни қутқариш мақсадида Давлат илмий маркази ташкил этилган.

Панда ноёб жониворки, уни жаҳоннинг ҳар бир ҳайвонот боғида ҳам учратиш мумкин эмас. Яқинда хитойлик бир гуруҳ журналистлар ўз ҳайвонот боғларида панда сақланаётган бир нечта мамлакатга ташриф буюришиб, вазиятни ўрганишди. Ўтказилган сўров натижаларига қараганда, панда нафақат болаларнинг, балки катталарнинг ҳам севимли ҳайвони экани ойдинлашди. 

Шарофиддин Тўлаганов

Мавзуга оид