Жамият | 20:22 / 30.10.2016
48044
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги видеокузатувлардан бирида автомобилдан пул ўғирлаган "шоввозлар" сурати тарқалди

30 октябрь, якшанба куни Facebook ижтимоий тармоғининг "Водители Ташкента" (DRIVERS.UZ) гуруҳи аъзоларидан бири бўлган Fayzulla Tashov  номи остидаги фойдаланувчи автомобилдан пул ўғирланганлиги тўғрисидаги эълонни ёзиб қолдирди ва унга ўғриларнинг видеокузатувдан олинган  суратларини илова қилди. 

Манбага кўра, 29 октябрь, шанба куни Тошкент шаҳридаги Жомий айланасида маҳаллий вақт билан соат 13:46да автомобилдан пул ўғирланган. Мазкур ўғирлик видеокузатув камерасида муҳрланиб қолган. 

Фойдаланувчининг сўзларига кўра, ўғирликда икки киши иштирок этган - улардан бири "ўлжа" қидириш ва телефонда маълумот бериш билан шуғулланган, иккинчиси машинага яқинлашиб, уни megicar'га ўхшаган пульт билан очиб, хотиржамлик билан унга ўтирган ва режадагидек ўғирликни амалга оширган.

Видеокузатув камераси ҳаммасини тасвирга олган бўлиб, тармоқ фойдаланувчиси уларнинг суратларини фейсбукда тақдим этган ҳамда ўғриларни кўрган ёки билганлар бўлса, уларни топиб, автомобиль эгасига пулларини қайтаришга ёрдам беришни сўраган ва бунинг учун мукофот берилишини таъкидлаган. 

Тармоқнинг баъзи фойдаланувчилари бунга салбий муносабат билдириб, ўғриларни жазолаш кераклигини ёзган бўлишса, бошқалари воқеага унчалик ишонишмаган ва ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилишни маслаҳат беришган.

 

Мавзуга оид