Ўзбекистон | 13:33 / 02.11.2016
4700
4 дақиқада ўқилади

МСКда ЕХҲТ ДИИҲБнинг Ўзбекистонга келган миссияси билан учрашув бўлиб ўтди

Фото: Kun.uz

2016 йилнинг 2 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссияси раҳбари Йохан Петер Трауготт Тейлер бошчилигидаги кузатувчилар билан учрашув бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов Комиссиянинг ЕХҲТ ДИИҲБ билан ҳамкорлиги самарали ривожланиб бораётгани ва ижобий натижалар бераётганини таъкидлади. ДИИҲБ расмий веб-сайтида жорий йилнинг 21 октябрида эълон қилинган ҳисоботида айтилганидек, Ўзбекистонда сайлов кампаниясининг барча босқичлари қонунда белгиланган муддатларда ва тартибда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Ҳисоботда 2015 йилнинг март ойида ўтказилган президентлик сайлови якунларига кўра ўша йилнинг декабрь ойидаёқ “Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунларга ҳамда бошқа норматив ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани ижобий баҳоланди. Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок эта олишини енгиллаштириш мақсадида президентликка номзод кўрсатиш учун зарур бўладиган имзолар сонининг қисқартирилгани, сайловолди ташвиқоти тушунчаси, уни ўтказиш шакллари, турлари ва усуллари тўғрисидаги норманинг мустаҳкамлаб қўйилгани, қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкалари тузилиши, муддатидан олдин овоз бериш муддатлари, тартиби ва жараёни мустаҳкамлаб қўйилгани, овоз бериш бошланишига бир кун қолганида “сукунат куни” ўрнатилиши ҳамда бошқа ўзгартиш ва қўшимчалар алоҳида қайд этилган.

Марказий сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатини тузиш тартиби, номзодлар кўрсатиш ва уларни қўллаб-қувватлаб тўпланган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириш тартиб-таомилини, сайловолди ташвиқоти ташкил этилишини ҳамда сайлов кампанияси молиялаштирилишини, шикоят ва аризалар кўриб чиқилишини, шу жумладан маъмурий ҳуқуқбузарликлар расмийлаштирилишини, шунингдек кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда бурчларига оид масалаларни тартибга солиб турувчи ҳужжатларни янгилади.

Учрашувда ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси фаолияти, унинг Ўзбекистонда сайловни кузатиш бўйича Марказий сайлов комиссияси билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Таъкидлаш лозимки, Бюронинг сайловни кузатиш бўйича миссияси таркибига асосий гуруҳ билан бирга 20 нафар узоқ муддатли кузатувчилар, овоз бериш куни сайлов участкаларида кузатувни амалга оширадиган 250 нафар қисқа муддатли кузатувчилар киритилган.

Шу йилнинг 5 ноябр куни мамлакатимизга келадиган узоқ муддатли кузатувчиларнинг вазифаси юртимизда сайлов жараёнининг турли босқичларини кузатишдан иборат. Кузатув натижалари Бюрога сайлов жараёни ҳақида тўлалигича ҳисобот тузиш имконини беради.

Шунингдек, жорий йилнинг 2-6 декабрь кунлари фаолият юритиши назарда тутилган қисқа муддатли кузатувчиларнинг вазифалари уларга бириктирилган ҳудудда сайлов куни кузатувни амалга ошириш, ўз хулосалари натижаларини Бюронинг қароргоҳига етказишдан иборат.

Таъкидлаш лозимки, сайловни кузатиш бўйича тўлиқ таркибдаги миссия Марказий сайлов комиссиясининг таклифи ҳамда мамлакатимиз мазкур муҳим сиёсий тадбирни халқаро стандартларга мувофиқ очиқ ва ошкора ўтказишга тайёрлиги эътиборга олиниб, Ўзбекистонга илк маротаба юборилмоқда.

Мавзуга оид