Ўзбекистон | 22:44 / 03.11.2016
13149
3 дақиқада ўқилади

Рустам Азимов ШҲТнинг Бишкекда ўтган йиғилишида ташкилотга аъзо давлатлар билан ўзаро алоқаларнинг истиқболли йўналишлари ҳақида сўзлади

Фото: gov.kg

Ўзбекистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқалар ривожланиши тарафдори, деб айтди Бишкекда 3 ноябрда ШҲТга кирувчи давлатлар ҳукумат бошлиқлари кенгаши йиғилишида Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов.

"Айни вақтда Ўзбекистон томонидан бизнинг ҳамкорларимиз – Хитой Халқ Республикаси, Россия ва бизнинг яқин қўшниларимиз, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан биргаликда савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш, янги имкониятларни излаш ва бу масалалар бўйича ўзаро манфаатли ва ўзаро мос келувчи ечимларни топиш бўйича аниқ қадамлар кўрилмоқда", деб айтди Азимов.

Рустам Азимовнинг айтишича, Ўзбекистон барча ҳамкорлари: ШҲТга аъзо ва кузатувчи давлатлар билан ҳам давлатлараро, ҳам минтақавий даражада доимий мулоқотни кенгайтириш ва чуқурлаштириш тарафдори. Унинг айтишича, бу "ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун бош ҳаракатлантирувчи куч" ҳисобланади.  

Бу борада Ўзбекистон учун муҳим стратегик йўналишлар ШҲТнинг улкан транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятини очишга қаратилган биргаликдаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобланади.

"Ўзбекистон Марказий Осиёни Хитой ва Россия орқали Жануби-Шарқий ва Жанубий Осиё ва Европа билан самарали боғлайдиган, жумладан Хитойнинг ташаббуси доирасида "Ипак йўли иқтисодий камари"ни яратиш бўйича иқтисодий асосланган транспорт ва транзит йўналишларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди", деб айтди Азимов.   

Азимов ШҲТнинг заиф жойларидан бири сифатида ШҲТ доирасида инвестицион фаолликни молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали кўп томонлама механизмининг йўқлигини айтди.

"Ўзбекистон инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланган ШҲТ тараққиёт банки яратилишини қўллаб-қувватлайди", деб айтди бош вазир биринчи ўринбосари.

Азимовнинг айтишича, бунда Ўзбекистон бир қатор тамойилларга амал қилинишининг тарафдори. Биринчидан, бу банк мутлақ янги мустақил молиявий институт сифатида яратилиши лозим. Иккинчидан, унинг фаолияти ШҲТга кирувчи давлатларнинг иқтисодий ривожланиши ва тузилмавий ислоҳотларни таъминловчи инвестицион лойиҳаларни амалга оширишгагина қаратилиши керак. Учинчидан, бу банкнинг бош қароргоҳи бу молиявий институтнинг энг йирик донори бўладиган мамлакатда жойлашиши керак. 

Рустам Азимовнинг айтишича, Ўзбекистон, шунингдек, ШҲТда кузатувчи ва унга ҳамкор давлатлар билан ҳам иқтисодий, инвестицион ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, ташкилот доирасидаги биргаликдаги фаолият соҳасига уларнинг улкан салоҳиятини жалб қилиш ва биргаликда ишлашни кучайтириш тарафдоридир.

 

Мавзуга оид