Жаҳон | 18:31 / 04.11.2016
10252
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Жангарилар шаҳар атрофидаги одамларни зўрлик билан Мўсул ичкарисига кўчирмоқда

Фото: AFP

ИШИД жангарилари Ироқнинг қамал остида қолган Мўсул шаҳрига атрофдаги ҳудудларда яшаган тинч аҳоли вакилларини мажбурлаб олиб кирмоқда. Бундан мақсад улардан коалиция ҳужуми вақтида тирик қалқон сифатида фойдаланиш ҳисобланади. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Равин Шамдасани маълум қилган.

Унинг айтишича, жангарилар Ҳамам ал-Алиля шаҳарчаси аҳолисидан 400 нафар аёл ҳамда ҳарбий бўлимларга сафарбар этиш учун болаларни талаб қилишган.

"Биздаги маълумотга кўра, Таль Афар шаҳрида курдлар, езидлар ҳамда шиалардан иборат бўлган 400 нафар аёл ушлаб турилибди. 17 октябрь кунидан бошлаб, ИШИД 9-10 ёшли болаларни Мўсулга аскарликка олиб кетмоқда", — деган у.

Шунингдек, Мўсул атрофидаги қишлоқлардан 1600 нафар киши Тал Афарга юк машиналарда зўрлик билан ташиб келтирилган.

"Уларни Сурияга олиб кетишлари ҳам мумкин. Жангарилар бу кишиларни коалициянинг ҳаво ҳужумларидан сақланиш учун жонли қалқон сифатида фойдаланишни мўлжаллаган", дейди у.

Унинг айтишича, бундан олдин Ҳамам ал-Алил шаҳридан 150 оила Мўсулга мажбурлаб кўчирилганди.

Мавзуга оид