Ўзбекистон | 09:06 / 07.11.2016
30196
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Улуғбек Розуқулов Туркманистон президенти билан учрашди

Фото: turkistonpress.uz

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Улуғбек Розуқулов Ашхободда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди. Бу ҳақда uzdaily.uz нашри хабар бермоқда

Розуқулов Туркманистонга ташриф буюрган Ўзбекистон делегацияси вакилларига бошчилик қилди. 

Учрашув давомида Ўзбекистон Туркманистон билан кенг кўламли мулоқотни ривожлантиришга катта аҳамият кўрсатаётгани таъкидлаб ўтилди. 

Ўз навбатида, Туркманистон президенти яқин қўшнилар, жумладан Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мустаҳкамланаётгани Туркманистон ташқи сиёсатида стратегик устувор йўналиш эканлигини қайд қилиб ўтди.

Томонлар муҳим йўналишлар бўйича ўзбек-туркман ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишди. Уларнинг таъкидлашича, икки давлат савдо-иқтисодий соҳа, аграр тармоқ ва бошқа соҳаларда сермаҳсул алоқаларни кенгайтириш учун қулай имкониятларга эгалар.   

Ўзаро ҳамкорликнинг долзарб йўналиши қаторида транспорт-коммуникация сектори айтиб ўтилди. Туркманистон президенти Ўзбекистон вакилларини Ашхободда 2016 йил  26-27 ноябрда БМТ бошчилигида бўлиб ўтадиган барқарор транспорт тизими бўйича биринчи глобал анжуманда иштирок этишни таклиф қилди.

Учрашув якунида томонлар қўни-қўшничилик муносабатлари мустаҳкамлигига ва икки давлат манфаатларига жавоб берувчи сермаҳсул ҳамкорликнинг муваффақиятли давом эттирилишига ишонч билдиришди. 

 

Мавзуга оид