Жаҳон | 21:02 / 10.11.2016
31888
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг сайланишдан кейинги илк нутқидан парча: У жаҳон ҳамжамиятига мурожаат этди

АҚШ президенти сайловида ғалаба қозонган республикачи Дональд Трамп нутқ ирод қилди. У америкаликларни ранжитмасликка ва уларни ўз танлови учун афсуслантирмасликка ваъда берди. У АҚШнинг иқтисодини кўтариш ва мамлакатни дунёнинг энг кучли иқтисодига эга мамлакатга айлантириш учун ишлашини таъкидлаган.

У ўзини қўллаб-қувватлаган барчага, оиласи аъзолари ва барча тарафдорларига миннатдорчилик билдирган.

«Мен мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқарога, барча америкаликлар учун президент бўлишга ваъда бераман. Бу мен учун жуда муҳимдир. Мени қўллаб-қувватламасликка қарор қилганларга эса, булар озчилик эмас эди, ёрдам сўраб мурожаат қилмоқчиман. Биз биргаликда ишлаб, буюк давлатимизни бирлаштира оламиз. Биз мамлакатимиз тақдирини ўз қўлимизга олишимиз даркор, биз кучли, жасур ва жиддий бўлишимиз керак», —деган фикрларни билдирган Дональд Трамп.

«Америка энди ҳеч қачон энг яхшисидан бошқасига рози бўлмайди. Биз мамлакатимизга унинг асл қисматини қайтаришимиз ҳамда қўрқмасдан катта ва дадил орзу қилишимиз керак. Биз буни уддалашимиз зарур. Биз мамлакатимиз ҳақида, ажойиб нарсалар ҳақида, муваффақият ҳақида орзу қиламиз», деган у америкаликларга мурожаат қилиб.

Трамп жаҳон ҳамжамиятига юзланган.

«Америка ўзи билан яхши муносабатда бўлишни истаган барча халқлар билан муносабатларни яхшилайди. Мен жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилиб айтмоқчиманки, биз Америка манфаатларини энг юксакка қўямиз, бироқ ҳар нарсага — барча одамлар ва барча халқларга адолат билан ёндашамиз. Биз хусумат эмас, муроса йўлини; низо эмас, ҳамкорликни излаймиз», деган у.

Мавзуга оид