Фан-техника | 20:42 / 17.11.2016
6581
2 дақиқада ўқилади

Apple смартфонлари Хитойдан қайтариб олиниши мумкин

Фото: © flickr / Paul Hudson

Хитойлик фойдаланувчилар iPhone смартфонлари батарея тўлиқлиги индикатори 50 фоизни кўрсатаётганига қарамасдан, ўчиб қолаётганидан шикоят қилмоқдалар.  

Хитой истеъмолчилар уюшмаси Хитой ижтимоий тармоқларида бу носозлик ҳақидаги хабарлар кўп эмаслигига қарамасдан бу эътирозларни қўллаб-қувватлади. 

Уюшма смартфонни ишлаб чиқарувчи Apple компаниясига смартфонларнинг ўчиб қолиши муаммосини кўриб чиқиш талаб қилинган мактуб йўллади.

Apple бунга жавобан уюшма билан биргаликда мижозларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.

Уюшма хорижий компанияларни ўз маҳсулотларини қайтариб олишга мажбурлагани билан ном чиқарган.

Хусусан, Samsung компанияси Хитойда сотилувчи Galaxy Note 7 смартфонлари батареяларини бошқа ишлаб чиқарувчи тайёрлаганига ишора қилиб, бу смартфонларни алмаштириб бериш дастурига дастлаб Хитойни киритишни режалаштирмаганди. Уюшма котиби ўринбосари бунга жавобан хитойлик харидорларга нисбатан иккилик стандартлари сиёсати қўлланаётгани, Samsung уларнинг хавфсизлигини инкор қилаётганини айтган.   

Apple смартфонлари билан боғлиқ ҳозирги вазият Samsung муаммоларидан фарқ қилсада, уюшма Apple iPhone’нинг баланд нархи унинг сифатига мос келмаслиги борасида етарлича миқдорда харидорлар шикоят қилса, компанияга қарши бориши мумкин.

 

Мавзуга оид