Спорт | 14:54 / 18.11.2016
11631
5 дақиқада ўқилади

Азамат Абдураимов: Йил якунида ушбу натижалар таҳлил қилиниб, ўзгаришлар киритилиши лозим

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2018 саралашида муҳим ўйинни Жанубий Кореяга бой бериши ўзбек футболи жамоатчилигида катта резонансни келтириб чиқарди. Терма жамоа бош мураббийига қаратилган навбатдаги танқидий фикрлар футбол журналистлари ва мухлисларидан кейин, собиқ футболчи Азамат Абдураимов томонидан янгради. У «Эрудит Спорт» газетасида шу ўйинга бағишланган таҳлилий мақоласини чоп эттирган.

Ўз вақтида журналистика соҳасида ҳам фаолият олиб борган Абдураимов биринчи бўлимда намойиш этилган ўйиндан қониқиш ҳосил қилганини айтиб ўтган.

«Ўйиннинг дастлабки қисмида кўрсатилган футбол мени ҳам жуда хурсанд қилди. Футболчиларимиз рақибдан қўрқмай, ажойиб ҳимояланди, бўш ҳудудларни фаоллик билан ёпа олди ва рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмади. Замонавий прессинг сабаб қарши ҳужум бошлаб, Жанубий Корея терма жамоаси футболчиларини хато қилишга мажбур қила олди», — деб ёзган Азамат Абдураимов.

«Танаффусдан кейин эса мураббийлар хатога йўл қўйди. Иккинчи бўлим рақиб бизга умуман бошқа футбол таклиф қилганида, мураббийлар штаби ва футболчилар бунга тайёр эмасди. Мезбонлар захира кучларидан жуда тўғри фойдаланди, биз бу борада хато қилдик», дея давом этган у.

Муаллиф иккинчи бўлимда Александр Гейнрихнинг майдон туширилишини хато қарор сифатида баҳолаган.

«Жамоамиз асосий вақтни ҳимояланиш билан ўтказаётган пайтда Александр Гейнрих сингари тўпни ўзида сақлай олувчи ҳужумчи эмас, қарши ҳужумда тезкорлигини намойиш эта оладиган футболчи зарур эди. Чунки, бунгача бутун ўйин давомида биз ҳимояланишда жанговар, кескин ўйин намойиш этиб, яккакурашларда ҳам ютаётган бўлсак, ҳужумда рақиб дарвозабонининг хатосидан бўлак ҳеч нарсани қойиллата олмаётгандик. Яъни, биз фойдаланишимиз мумкин бўлган ягона вариант — қарши ҳужум бўлса-да, ўйин давомида айнан ниманинг эвазига ғалаба қозонишимиз мумкин эканлигини кўрсата олмадик.

Иккинчи бўлимда Штилике ўз захира кучлари билан Бабаянни мағлуб этди. Самвел қарши ҳужумда тезкор Сардор Рашидовни туширмай, Гейнрихни туширгани иш бермади. Фикримча, бу нотўғри қарор эди», дея муносабатини билдирган мутахассис.

Азамат Абдураимов Жанубий Кореяга қарши ҳаракат қилган таркибни оптимал деб баҳоламаган. Унинг фикрича бу фақатгина Самвел Бабаян таркиби ҳисобланади.

«Шахсан мен бугунги терма жамоанинг таркибини оптимал таркиб деб ҳисобламайман, бу Бабаян жамоаси. Чунки терма жамоа натижасига айнан у жавоб беради, шу боис Самвел ўзи ишонган футболчиларни терма жамоага таклиф этган, уларни майдонга туширмоқда. Масалан, бу жамоада мен ишлаганимда, таркиб бугунгидек кўриниш олмаган, мен кўришни истаган футболчилар жамланарди», — деб ёзган Абдураимов.

«Бугунги кунда мутахассислар сингари мухлислар ҳам терма жамоамиз таркибидан қониқиш ҳосил қилаётгани йўқ. Чунки, чиндан ҳам мамлакатимизда яна камида 10 футболчи борки, улар айни дамда терма жамоамизга тўп суришга лойиқ. Мисол учун, Игорь Сергеев ишончни оқлаётгани йўқ. У Хитойда етарлича ўйин амалиётига эга бўлолмаяпти. Унинг ўрнига бемалол Олий Лига тўпурари Темурхўжа Абдухолиқовни синаб кўрса бўлади.

Ўйинда Александр Лобанов ҳам тўпга чиқишларда, гол урилган вазиятда жой танлашда хатоларга йўл қўйди. Ҳимоячилар гол киритилган вазиятларда хатолардан ҳоли бўлмади. Мен футболчиларни яққол айбдор демоқчи эмасман, аммо уларда ҳам етарлича хатолар кўзга ташланди», деган ўз вақтида терма жамоа билан 1994 йилги Осиё ўйинларида чемпион бўлиб қайтган собиқ футболчи.

Хулоса ўрнида муаллиф мамлакат ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларининг ҳам муваффақиятсизликларига тўхталган ва ўз таклифини берган.

«Ўйлайманки, йил якунида ушбу натижаларимиз чуқур таҳлил этилиши ва ташкилий қўмита даражасида кўрилиб, бу борада қандайдир ўзгаришлар киритилиши лозим. Токи кейинги йилда натижаларимиз янада яхшиланиши ва футболимиз ривожланиши учун», дейди Ўзбекистон терма жамоасининг Жанубий Кореяга қарши ўйинлардаги ягона ғалабасида ягона голни урган Абдураимов.

Мавзуга оид