Исроил учинчи кундирки ўрмон ёнғинлари қуршовида
22 ноябрь сешанба кунидан бошланган ўрмон ёнғинлари Исроил узра тарқалмоқда. Бунга, икки ойдан бери давом этган қурғоқчилик ва кучли шамол эсаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда. У 24 ва 25 ноябрь кунлари ҳам давом этилиши кутилаяпти, деб ёзмоқда Haaretz газетаси.
Учинчи кундан бери давом этаётган даҳшатли ёнғинлар туфайли Исроил шимолидаги ўн минглаб аҳоли зудлик билан хавфсиз жойларга кўчирилаётгани хабар қилинмоқда.
Исроил хавфсизлик идораларининг айрим ходимлари, ушбу ёнғинлар сиёсий мақсадда қасддан ўт қўйиш натижасида юз берганини тахмин қилишмоқда. Бироқ, шу билан бирга, йирик ташкилотлар қўли борлиги инкор қилинмоқда.
Исроил жамоат хавфсизлиги вазири Гилад Эрдан сўзларига кўра, икки ойдан бери давом этган қурғоқчилик туфайли юз берган ёнғинлар, кучли шамол сабабли ҳафта охири ва келаси ҳафтада ҳам давом этиши мумкин.
24 ноябрда Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашган бош вазир Бенжамин Нетаняҳунинг айтишича, Россия раҳбари зудлик билан алангага қарши курашишда ёрдам бериш учун иккита Be-200 самолётларини юборишини билдирган. Туркия раҳбарияти ҳам Греция, Италия, Хорватия ва Кипр ҳукуматлари билан бирга ёнғинга қарши курашда ёрдам беришини маълум қилган. Шу билан жами 10та самолёт Исроилга келиши кутилмоқда.
Мамлакат шимолидаги Ҳайфа шаҳрида бир неча йўллар ва мактаблар ёпилган, ўн минглаб кишилар кўчирилиши эълон қилинган. Ҳайфа университети ҳам кўчирилаётгани айтилмоқда.
Шаҳар ҳокими Ёнаҳ Яҳавнинг Channel 2 TV телеканалига берган интервьюсида айтишича, шаҳарнинг бир неча ҳудудида ёнғин қайд этилган. Унинг сўзларига кўра, ёнғинлардан бирига, саноат ҳудудида сигарета қолдиғининг эҳтиётсизлик билан ёқилғи ва тез ёнувчи суюқликлар яқинига ташлангани сабаб бўлган. Шундан сўнг, аланга катта суръатларда қуриб қолган дарахтлар ва ўсимликларни ўз домига торта бошлаган.
Шу билан бирга, мамлакат жанубий туманларида ҳам бир неча аланга ўчоқлари аниқланган ва уларга қарши кураш давом эттирилмоқда.