Жаҳон | 20:23 / 25.11.2016
7777
2 дақиқада ўқилади

Януковичнинг сўроқ қилиниши бошқа кунга қолдирилди

Украинанинг собиқ президенти Виктор Янукович сўроқ қилиниши керак бўлган Киевнинг Святошин туман суди йиғилиши 28 ноябрга кўчирилди. Бу ҳақда "112 Украина" телеканали хабар бермоқда

Янукович 25 ноябрда сўроқ қилиниши керак эди. Ундан аввал у суд йиғилиши учун видеоалоқада иштирок этишга тайёрлигини тасдиқлаганди.

Суд маслаҳатлашиб, йиғилишни 28 ноябрь Киев вақти билан соат 13:00га қолдиришга қарор қилган. 

Судья видеоалоқани ташкиллаштиргани учун Россиянинг Ростов вилояти судига миннатдорчилик билдирган.

Шу куни аввалроқ судья Майданда одамларни ўққа тутиш иши бўйича айбланаётганларни суд йиғилишига олиб келишнинг иложи бўлмаётгани сабабли йиғилишда танаффус эълон қилганди. Жиноий иш бўйича ўтаётганлар – "Беркут" махсус бўлинмасининг собиқ жангчиларини улар сақланаётган тергов изолятори "Ўнг сектор" жангарилари томонидан тўсиб қўйилгани сабабли судга келтира олишмаган. 

Киевда суд йиғилиши билан боғлиқ ҳолда хавфсизлик чоралари кучайтирилган, суд биносини 130 полициячи қўриқлаган. 

5 нафар собиқ "беркутчилар" 2014 йил 20 февралда Киевдаги Институт кўчасида содир этилган 48 намойишчининг қотиллигида айбланмоқдалар.

Янукович Украинани 2010-2014 йиллар давомида бошқарган. У мамлакатни 2014 йил февралида оммавий норозилик намойишлари билан кечган ҳокимият ўзгаришидан кейин тарк этган.

 

Мавзуга оид