Ўзбекистон | 23:01 / 25.11.2016
76393
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар чиқиш визасини бекор қилишга доир петицияни имзолашмоқда

Сhange.org сайтида Ўзбекистон фуқаролари ташаббуси гуруҳи номидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ваколатларини вақтинчалик бажарувчи, Бош вазир Ш.М.Мирзиёев номига мурожаат хати (петиция) битилди. 

Унда Ўзбекистоннинг бир гуруҳ фуқаролари хорижга сафар қилишда талаб қилинадиган, икки йилга берилувчи чиқиш визаси мавзусини кўтаришган. 

"Маълумки, мазкур виза фуқароларнинг ҳорижга чиқишини тартибга солиш мақсадида амалга киритилган эди. Муайян  давргача, яъни мустақилликнинг дастлабки йилларида, бундай амалиёт ўзини оқлаган бўлиши мумкин. Бироқ, замон – XXI аср янги талабларни олдимизга қўймоқда. Чиқиш визаси халқаро меъёрларга жавоб бермаслигига эътиборингизни қаратмоқчимиз. У сафар қилиш, саёҳатга бориш, юриш ва кўчиш эркинлиги тамойилига ҳам зид деб ўйлаймиз. Қолаверса, чиқиш визаси порахўрликнинг кенгайишига ҳам сабаб бўлмоқда", - дейилган петиция матнида.

Шунингдек хатда мазкур виза олиш жараёни билан боғлиқ муаммоларга тўхталиб ўтилган ҳамда БМТ Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг 13.1-банди келтириб ўтилган. Унда инсоннинг бутун дунё бўйича эркин юриш, ўз мамлакатидан эркин чиқиш ва кириш ҳуқуқига эга эканлиги таъкидланган. 

Бундан ташқари, петицияда дунёнинг деярли ҳеч бир давлатида бундай виза режими юритилмаслигига эътибор қаратилган. 

"Ўзбекистон Республикаси жаҳоннинг ривожланган демократик давлатлар қаторига киришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган экан ва шу йўлда бугунга қадар анча ислоҳотларни амалга оширганлигини инобатга олган ҳолда, биз, ўзбекистонликларга чиқиш визасини бекор қилиш учун тегишли қарор қабул қилишингизни таклиф этамиз", деб якун ясалган петицияга. 


 

Мавзуга оид