Жаҳон | 16:32 / 26.11.2016
49713
6 дақиқада ўқилади

Фидель Кастро – Куба инқилоби етакчиси

2016 йил 25 ноябрь санаси Куба республикаси тарихида қора сатрлар билан қайд этилади. Давлат ва сиёсат арбоби, ҳозирги Куба давлати асосчиси Фидель Алехандро Кастро Рус дунёдан кўз юмди. 

У 1926 йил 13 августда Кубанинг Орьенте вилояти Биран қишлоғида йирик ер ҳудудларига эга ва шакарқамиш етиштирувчи Анхель Кастро оиласида дунёга келди. 

Унинг ёшлик ва талабалик чоғларидаги дўстлари, устозларининг хотирлашича, Кастро қизиқувчанлиги, шуҳратпарастлиги ва ўз олдига улкан мақсадлар қўйиши билан ажралиб турган. 

Диний коллежда таълимни тугатган Фидель Ҳавана университетида ҳуқуқдан таълим олади. Шундан сўнг, адвокатлик фаолияти билан шуғулланади. Аммо, у сиёсий фаолиятини талабалик давридаёқ бошлаган. Уни ҳаддан ортиқ радикалликда айблаган партия раҳбарияти 1952 йилда депутатлик учун курашган Кастро номзодини тасдиқламайди. 

Ўша йили Куба ҳокимиятини давлат тўнтариши воситасида эгаллаб олган Фульхенсио Батистага қарши курашади ҳамда уни суд жавобгарлигига тортиш фикрини илгари суради. 

1953 йилда Фидель ва унинг 165 кишидан иборат сафдоши Батиста гарнизонларидан бирига ҳужум қилади, аммо аксар исёнчилар ўлдирилади, Фидель Кастро бошқа сафдошлари билан бирга 15 йилга қамалади. Ана шу маҳкама сўнггида Кастро дунёга машҳур бўлиб кетган нутқини “тарих мени оқлайди”, деган сўзлари билан якунлаган эди. 

Жамоатчилик босими остида Кастро умумий амнистия қарори асосида озод этилади, шундан сўнг Мексикага йўл олади. 

Кастро хорижда жиддий тайёргарлик кўргач, 1958 йилда Эрнест Че Гевара ва бошқа дўстлари билан бирга ватанига қайтади. Айни шу воқеа Кубанинг келгуси тақдирини ўзгартириб юборгани, тарих саҳифаларига битилган. 

Кастро ва Че Гевара раҳбарлигидаги партизанлик ҳаракати кучайиб, 1959 йилда Ҳаванани эгаллайди. Батиста ҳукумати ағдарилиб, Кубага бошқа раҳбар тайинланди,  Фидель Кастро Куба қўшинлари бош қўмондони ва ҳукумат раҳбари бўлди. 

Унинг бошқаруви вақтида Кубада бепул тиббий хизмат пайдо бўлди, аҳоли саводхонлиги ошди, сайёҳлик саноати ривожланди. Ҳозирда, Куба тиббиёти Лотин Америкасида энг ривожланган соҳалардан бири ҳисобланади.

Унинг бошқаруви вақтида, АҚШ ва СССР ўртасидаги ядро урушига олиб келишига бир баҳя қолган Кариб инқирози юз берган. Бунга, СССР ҳукуматининг Кубада ўз ракеталарини жойлаштиргани сабаб бўлганди. 

1965 йилда Куба коммунистик партияси раҳбарлигига сайланиб, мамлакатни бирпартияли социалистик республикасига айлантирди. 1976-2008 йиллар мобайнида Давлат кенгаши ва Куба Вазирлар кенгашига раислик қилди. Шу билан бирга, Олий бош қўмондон лавозимини ўзида сақлаб қолди. 

2008 йил 19 февралда, ваколат муддати тугашига беш кун қолганида янги муддатга ўз номзодини илгари сурмаслигини билдирди. 2008 йил 24 февралидан эътиборан Куба Миллий ассамблеяси Фидель Кастронинг укаси Рауль Кастрони давлат раҳбари сифатида тасдиқлади. 

2011 йил 19 апрелида Куба Коммунистик партияси Марказий қўмитаси бош котиблигини ҳам укасига топширди. 

Шуни қайд этиш керакки, Фидель Кастро БМТ бош минбаридан туриб энг узоқ нутқ қилган сиёсатчи, энг кўп жонига суиқасд қилинган давлат арбоби сифатида Гиннесс рекордлар китобидан жой олган. БМТ Бош ассамблеяси мажлисида 4 соат атрофида маъруза қилган бўлса, 638 марта уни ўлдирмоқчи бўлишган. 

Унинг ягона қонуний рафиқаси Мирта Диас Балларт бўлиб ундан ягона қонуний ўғли Фиделито бор. Бироқ, унинг расмий таржимаи ҳолида уч нафар аёл билан муносабатда бўлгани қайд этилади. 

Фидель Кастро биринчи турмушидан ажралгач, Нати Ревуэльта билан бирга истиқомат қилади. Аммо, улар расман никоҳдан ўтмаган ҳолда Алина исмли қизчали бўлишади. 

Айни шу қизи катта бўлгач, Кубадан қочади ва Команданте ҳақидаги китобида отасининг олти нафар фарзанди борлиги, уларни барчасининг исми "А" ҳарфидан бошланиши ҳақида ёзади:- Алекс, Александр, Алехандро, Антонио, Анхелито.

Кастронинг котибаси Селия Санчос унинг сўнгги рафиқаси бўлди. Аммо, у 1985 йилда ўз жонига қасд қилди.

Таъкидлаш жоизки, Куба Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни сақлаб қолган давлат ҳисобланади. Фидель Кастро 1963 йил апрелидан-июнь ойи бошигача бўлган муддатда СССРга уюштирган кенг қамровли сафари чоғида Ўзбекистонга ҳам келиб, республиканинг турли ҳудудларида, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлган.

Шу билан бирга, 2016 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этгани муносабати билан ўзбек халқига ҳамдардлик сифатида мамлакатда мотам эълон қилган ягона давлатдир. Куба раҳбариятининг қарорига кўра, 2016 йил 3 сентябрь тонгги соат 6:00дан тунги 24:00гача барча давлат идораларида Куба давлат байроқлари туширилган эди. 

2005 йилдан бери оғир хасталикдан даволаниб келган Фидель Кастро Рус 2016 йил 25 ноябрда ҳаёт билан видолашди.

Мавзуга оид