Фан-техника | 21:37 / 29.11.2016
8156
3 дақиқада ўқилади

Boom Technology компанияси товушдан тезкор самолёт прототипини намойиш қилди (видео)

Фото: hi-news.ru

XIX ва XX асрлар давомида ихтиро қилинган самолётлар, шубҳасиз, йўловчи ташишда маълум бир инқилобга эришди. Фуқаролик авиацияси ўтган 100 йилликнинг ўртасида замонавий чизгиларга эга бўлди ва ўшандан буён бир манзилдан бошқасига етиш учун талаб қилинадиган вақт кескин қисқарди. Шунга қарамай, узоқ масофага учиш ҳали-ҳануз кўп вақт талаб қилади. Бироқ товушдан тезкор самолётларни эксплуатацияга киритиш орқали кўп нарса ўзгариши мумкин. Ана шундай самолётлардан бирининг прототипи яқинда Boom Technology компанияси томонидан намойиш қилинди. Бу ҳақида Hi-News нашри маълум қилди. 

Товушдан тез учишга қодир йўловчи самолётини ишлаб чиқариш ғояси анчадан бери ҳавода муаллақ турганди, бундай машиналар ҳаттоки қўлланган ҳам: бу машҳур Британия Конкорди ва Россиянинг Ту-144 учувчи қурилмаларидир. Афсуски, бундай самолётлар етарлича хавфсизлик билан таъминлашнинг уддасидан чиқмади ва уларга хизмат кўрсатиш жуда қийин кечди, шунинг учун улар эксплуатациядан қайтариб олинди. 

Boom Technology компанияси ҳозирги вақтда XB-1 Supersonic Demonstrator самолёти прототипини синовдан ўтказмоқда. Манбага кўра, ушбу учувчи қурилма хавфсизликнинг барча стандартларига жавоб беради ва унга хизмат кўрсатишда муаммолар бўлмайди. 

Прототип (муаллифлар уни ҳазиллашиб Baby Boom деб аташади) учта General Electric J85-21 двигателига эга. Самолёт фюзеляжи енгил углерод толалардан иборат. Авиалайнер дизайни учун NASA, Boeing ва SpaceX мутахассислари жавобгар. 

Ишлаб чиқарувчиларнинг таъкидлашича, замонавий технологияларни қўллаш ҳисобига XB-1 тезлиги соатига 2335 километрни ташкил қилади. Бу эса ҳар қандай замонавий авиалайнердан тахминан 3 карра кўп демакдир. 

XB-1'нинг тажриба намунаси 3:1 кўламида қурилган бўлиб, синов вақтида бортда уч кишидан иборат экипаж жойлашади: икки нафар учувчи ва бир муҳандис. Илк товушдан тезкор парвоз 2017 йилнинг охирига мўлжалланган. Тўлиқ кўламли самолёт 55 кишини таший олади, экипаж эса 6 кишидан иборат бўлади. Авиалайнер парвозининг кўзланган масофаси 16 700 километрни ташкил қилади. Қурилма билан яқиндан танишиш учун қуйида тақдим этиладиган видеони томоша қилишингиз мумкин. 

Мавзуга оид