Ўзбекистон | 10:05 / 08.12.2016
22670
3 дақиқада ўқилади

Конституция — ҳуқуқ, ҳуқуқ эса мустақилликдир

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовдан ўзбек халқига ниҳоятда улкан моддий, маданий, маънавий, илмий ва ҳуқуқий мерос сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қолди.

Бош Қомус Ўзбекистонда рўй бераётган сиёсий-ижтимоий, иқтисодий, маънавий соҳалардаги улкан ўзгариш ва янгиланишлар, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришнинг ҳуқуқий асоси ва ишонч¬ли кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳар томонлама жаҳон андозаларига, халқаро меъёрлар, демократик тамойилларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси узоқ муддатли изланишлар, баҳс-мунозаралар, муҳокама ва таҳрирларнинг меваси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш тарихига назар ташлайдиган бўлсак, ўша пайт¬даги қонун чиқарувчи ҳокимият — Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг 1990 йил мартда бўлиб ўтган сессиясида Ислом Каримовнинг ташаббуси билан Асосий Қонунга ўзгартиш киритилган ва Президент бошқарувини жорий этиш тўғрисидаги қонун қабул қилинганди.

Олий Кенгашнинг ўша йили июнда бўлиб ўтган иккинчи сессиясида бу хусусда бир қарорга келинди ва Республика Президенти Ислом Каримов раислигида 64 кишидан иборат Конституция комиссияси тузилди. Комиссия таркибига вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари, давлат ва жамоат арбоблари, ижодкор зиёлилар, олимлар, иқтисодиётнинг турли соҳалари мутахассислари киритилди. 

Олий Кенгашнинг 1992 йил 8 декабрда бўлиб ўтган сессиясида 128 моддадан иборат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.
«Унинг лойиҳаси устида икки йил давомида ишладик, — деган эди Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ўша мажлисдаги маърузасида, — у икки ярим ой мобайнида халқ муҳокамасидан ўтди, халқнинг фикр хазинаси дурдоналари билан бойитилди, сайқал топди».

Ҳуқуқ қўлга киритилгач, мустақил бўлгач, ўзбек халқи мураккаб глобаллашув шароитида дунё аҳли билан баравар қадам ташлашга қодир миллатга айланди.

Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида нуфузи ортди, шон-шуҳрати юксалди, мустақилликнинг сиёсий ва иқтисодий негизи мустаҳкамланди.

Мавзуга оид