Спорт | 12:04 / 10.12.2016
37717
2 дақиқада ўқилади

Ҳасанбой Дўсматов "Йилнинг энг яхши боксчиси" деб топилди

Аввал хабар берганимиздек, Халқаро Бокс Ассоциацияси (AIBA) йилнинг энг яхши боксчисини аниқлаш учун Twitter ижтимоий тармоғи орқали сўровнома эълон қилган эди. Унга кўра, уч номзод бокс бўйича йилнинг энг нуфузли совринига даъвогарлик қилаётганди, деб хабар қилмоқда Sports.uz сайти.

- Ҳасанбой Дўсматов – Рио 2016 Олимпиада ўйинларининг олтин медал соҳиби (Ўзбекистон)

- Робейси Рамирес – Рио 2016 Олимпиада ўйинларининг олтин медал соҳиби (Куба)

- Данияр Елеуссинов - Рио 2016 Олимпиада ўйинларининг олтин медал соҳиби (Қозоғистон)

Бироз аввал якунига етган сўровномада барча тўпланган овозларнинг 77 фоизини қўлга киритган ҳамюртимиз Ҳасанбой Дўсматов “Йилнинг энг яхши боксчиси” совринига лойиқ деб топилди.

Скриншот: Twitter/AIBA_Boxing

Агар, Халқаро Бокс Ассоциацияси (AIBA) “йилнинг энг яхши боксчиси”ни аниқлаш учун қайта сўровнома ўтказмаса, соврин жорий йилнинг 20 декабр куни Ҳасанбой Дўсматовга топширилади (чунки сўровномада дунё бўйлаб 1,234 нафар фойдаланувчи иштирок этган, холос).

Эслатиб ўтамиз, Ҳасанбой Дўсматов Бразилияда бўлиб ўтган Олимпиадада 49 кг.гача вазн тоифасида колумбиялик Юберхен Мартинес Ривасни енгиб, олтин медални қўлга киритган эди. 

Бироз аввалроқ, Ҳасанбой Дўсматов ва бокс мураббийи Равшан Хаджаев "Олтин Мангуст" халқаро мукофотига лойиқ топилган эди.

Мавзуга оид