Фан-техника | 19:49 / 14.12.2016
5300
1 дақиқада ўқилади

ASUS ўйин мониторлари бозорида етакчиликни сақлаб қолмоқчи

Компьютер техникаси ишлаб чиқарувчи ASUS компанияси келаси йили мониторлар бозорида етакчиликни сақлаб қолишига ишончи комил. Бу ҳақда DigiTimes нашри хабар бермоқда.

ASUS’нинг мониторлар ишлаб чиқариш бўлинмаси президенти ёрдамчиси Винсент Цюнинг маълум қилишича, ўйин мониторларини ишлаб чиқарувчиларнинг кўпайгани компанияни хавотирга солмаяпти. Компания вакилининг фикрича, бозордаги рақобат янги технологиялар ва маҳсулотларни ишлаб чиқишга туртки беради.

Унинг сўзларига кўра, ASUS 2017 йилда ҳам геймерларга мўлжалланган мониторлар етказиб берувчилар орасида етакчиликни сақлаб қолади. Компания мониторлари нафақат Европа ва АҚШда, балки Осиё-Тинч океани минтақаси ва Хитойда ҳам катта талабга эга бўлмоқда. 

Тахминларга кўра, 2017 йилда барча турдаги ўйин мониторлари 2,5 миллион нусхада ишлаб чиқарилади. Ўйин ускуналарига бўлган талаб экран ҳажмининг катталиги, бироз букланган конструкция ва янгиланиш такрорийлигининг ошиши билан боғлиқ.
 

Мавзуга оид