Жаҳон | 08:49 / 14.12.2016
10197
2 дақиқада ўқилади

Беларусь "Европа қора туйнуги" деб аталди

Қатл жазосини қўллайдиган Беларусь "Европа қора туйнуги" деб аталди. Бу ҳақда 13 декабрда Европа кенгаши парламент ассамблеяси (ПАСЕ) маърузачиси Андреа Ригони Минскдаги анжуманда айтиб ўтди, деб хабар бермоқда "БелаПАН".

"Биз Беларусь Европа Кенгашига киришини жуда истаймиз", деб айтди Ригони. Унинг айтишича, Беларусь ПАСЕга махсус таклиф қилинган давлат мақомидан 1997 йилда маҳрум этилган ва унинг бу ташкилотга қайтишига мамлакатда қатл жазоси қўлланиши тўсиқ бўлмоқда.

Ригонининг айтишича, улар Беларусдан ўз анъаналари, қонунлари ва фуқароларга муносабатини ўзгартиришни сўрашмаяпти, балки жуда бўлмаса вақтинчаликка қатъий жазо чорасидан воз кечишга чақиришмоқда. "Келинг бир йилга тақиқлов киритамиз ва бу чора вазиятга қандай таъсир қилишини кўрамиз", деб айтган ПАСЕ вакили. Унинг айтишича, қатл жазосининг қўлланиши оғир жиноятлар миқдорини камайтирмайди.

2016 йилда Беларусда 3 та қатл жазоси ижро этилган. Беларусь Европада ҳали ҳам қатл жазоси қўлланадиган ягона давлат ҳисобланади. 1996 йилда бу жазонинг бекор қилиниши масаласи умумхалқ референдумига олиб чиқилган ва унинг натижасига кўра, бу жазонинг сақлаб қолинишига 80,5 фоиз аҳоли ўз розилигини билдирган. Европа Иттифоқи Беларусь президенти Александр Лукашенкога бу жазони бекор қилиш илтимоси билан мурожаат қилган, бироқ Лукашенко бунга баъзи ҳолларда қатл жазоси зарурлиги билан жавоб берган.

 

Мавзуга оид