Спорт | 14:31 / 15.12.2016
6890
2 дақиқада ўқилади

Европа клублар ассоциацияси ЖЧ иштирокчилари сони оширилишига қарши чиқди

Европа клублар ассоциацияси (ECA) ФИФА раҳбари Жанни Инфантинонинг жаҳон чемпионат иштирокчилари сонини ошириш бўйича таклифига қарши чиқди.

ECA раҳбари ва «Бавария» клуби бошқарув кенгаши раиси Карл-Хайнц Руммениггенинг фикр билдиришича, сиёсат ва тижорат футболда биринчи ўринга чиқмаслиги керак. 

Бундан олдинроқ, Инфантино ФИФА кенгаши аъзоларининг аксар қисми мундиал иштирокчилари сонини 40 ёки 48тага етказиш ғоясини ижобий қабул қилгани ҳақида айтганди. Бундай ислоҳот 2026 йилдан бошлаб жорий этилиши мумкин. 

ECA ижроия кенгаши эса бу таклифга қарши чиқди ва Инфантинога мактуб йўллади. Мактубда ФИФА бундай қарор қабул қилмасликка чақирилган.

ФИФА жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини ошириши миллий терма жамоага чақириладиган футболчиларининг клублардаги фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин бўлади.

«Биз яна спорт ҳақида қайғуришимиз керак. Сиёсат ва тижорат футболнинг асосий мақсадига айланиб қолмаслиги керак. Мухлисларнинг ва футболчиларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ФИФАни жаҳон чемпионатида иштирокчилар сонини оширмасликка чақирамиз», - деган Румменигге.

Жаҳон чемпионати форматини ўзгартириш ва иштирокчилар сонини ошириш масаласи ФИФАнинг 2017 йил 9-10 январида бўлиб ўтадиган кенгашида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид