Спорт | 21:33 / 06.05.2023
26138
2 дақиқада ўқилади

Инфантино бошлиқ ФИФА делегацияси Ўзбекистонда бўлди

5 май куни Ўзбекистонга ташриф буюриб, давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев билан учрашган ФИФА президенти Жанни Инфантино 6 май санасида бир қатор тадбирларда иштирок этди.

Швейцариялик функционер кунни ФИФАнинг «Мактабларда футбол» лойиҳаси қандай ташкил этилганини ўрганишдан бошлади.

«Ўзбекистонда эканлигимдан хурсандман. Кўп имкониятларга эга чиройли мамлакат. 

«Бу ерда ФИФАнинг «Мактабларда футбол» лойиҳасини амалга оширяпмиз. Жуда муҳим лойиҳа. Болалар футболнинг турли томонларини, жамоа бўлишни, ҳурматни, ютиш ва ютқазишни ўрганишади», — дейди Жанни лойиҳа ҳақида ОАВ билан суҳбатда.

Сўнг ФИФА президенти Тошкент вилоятида бунёд этилаётган «Дўстлик» миллий жамоалар марказига борди ва лойиҳа билан танишди. 

Инфантино ва унга ҳамроҳлик қилган жаҳон чемпиони Юрий Жоркаефф Осиё чемпионлигини қўлга киритган Ўзбекистон U20 жамоасини табриклаб, уларга ўз маслаҳатларини беришди.

Куннинг иккинчи ярмида делегация Бунёдкор академиясида бўлди. У ерда ЎФА ва ФИФА фахрийлари ўртасида ўртоқлик ўйини ўтказилди. Беллашувда 4:4 ҳисоби қайд этилди.

Инфантино ташрифи якунида Суперлига 9-туридан ўрин олган «Бунёдкор» — «Олимпик» (1:1) ўйинини томоша қилди.

Мухбир — Аъзамжон Иззатиллаев, 
Тасвирчи ва монтаж устаси — Боймирза Халилов

Мавзуга оид