Жамият | 18:06 / 31.12.2016
21148
4 дақиқада ўқилади

Қизини узатиб ҳам ташвишдан боши чиқмаган она ҳикояси

Яқинда газетада мақолам чиққач, бир аёл таҳририятга мени қидириб келибди, деб ёзади Наманган муҳандислик-технология институти доценти Абдурашид Мирзааҳмедов “Оила даврасида” нашрида. 

Маълум бўлишича, аёл қизини узатгач, тўйдан сўнг у билан ўзаро қўнғироқлари ҳақида гапириб берган. Қизини «ҳеч кимдан кам қилмай узатиш учун» бу оила эл-халққа жуда катта дастурхон ёзиб, қудаларга сарпо, совға-салом «пойга»сида ортда қолмай, тўй қилибди. Энди ташвишдан қутулдим, деб турса…

Тўйдан бир неча кун ўтиб, она — Муборакхон (исмлар ўзгартириб берилмоқда) қизи Мадинахонга қўнғироқ қиляпти:

— Алло, Мадина, қизим, яхшимисан, соғ-саломат юрибсанми? Қайнонанг, қайнотанг яхшими? Куёвинг қандай, яхши юрибдими? Қайнота-қайнонангни ҳурмат қил, эрингнинг айтганидан чиқма, уларнинг хизматида туриб, дуосини олгин. Кеча акангдан машинасида уйингдагиларга тўла сават, куёвга пайшанбалик дастурхони юборган эдик. Шошилганда буюртма қилган тортимиз қолиб кетибди-да. Бугун аканг ёки уканг ишдан қайтса, ёғли патир, бир банка қаймоқ қўшиб ташлаб келади.

Қизи:
– Она, яхшимисиз? Кечаги тоғорада тандир шашликка яна тўртта, сомсага яна олтитагина қўшиб юбормабсиз–да. Бу ерда нонушта, пайшанбаликка қўшни хотинлар ҳам чиқишаркан. Саватга солган тўртта товуғингиз етмай қолди. Қўшнимизнинг келинига саккизтадан солишган экан. Қайнотам қайнонамга: «Майли, қўявер, майда–чуйда гапларни айтиб ўтирма, ўртага совуқчилик тушади. Болаларимиз аҳил яшаса бўлди», деганини эшитиб қолдим. Ҳа, яна қайнсингилларим тўртта–ку, совға етмай, иккиси менга ёвқараш қилиб юришибди. Сочиқ, рўмол берсам, бурнини жийириб кетишди…

Орадан икки ҳафта ўтди.

Қизи:
— Ассалому алайкум, она! Яхшимисиз? Дадам соғ-саломат юрибдиларми? Онажон, бир илтимосим бор эди… Уйда анчадан буён чанг босиб ётган «МАТИЗ»ни куёвингиз ишга қатнаб туришга сўради. Қўшнимизнинг қудаси куёвига янги «Ласетти» совға қилибди. Куёвингиз билан шаҳар боғида тушлик қилаётган эдик. Акам ҳам тушликка келган экан. Бизни роса меҳмон қилди. Яна ишлатарсан, деб пул ҳам бериб кетди. Пулни куёвингизга бердим.

Она:
— Соғ-саломатмисан, қизим? Уйингдагилар яхшими? Жон қизим! Ўзинг биласан, яқинда тўйдан чиқдик, даданг бироз қарз кўтарган экан. Эшигимизга сўраб келишяпти. Энди «МАТИЗ»ни сотишга тўғри келади, шекилли. Қизим, қайнонанг ва қайнсингилларингга 300-400 долларлик сарпо кийимлар қилган эдим. Улардан ҳеч бўлмаса саватда иккитаси қайтса керак, деб умид қилган эдим. Дадангдан бесўроқ, Нилуфар холангдан минг доллар қарз олган эдим. Холангнинг ўғли ўқишга кирибди, энди унинг  ўқишига шартнома пули тўлаши керак экан… Қарзини сўраяпти…

Орадан анча ой ўтди. Онанинг телефони бехос жиринглади:

Қизи:
— Ассалому алайкум, онажон! Янги йилга дадам иккингизнинг меникига юборадиган совға, сават-тоғораларнинг рўйхатини қилдим. Кейин келаси ҳафтада куёвингизнинг туғилган куни. Ундан икки кундан сўнг эса қайнонамники. Қайнонамнинг айтишича, апрелда кўзим ёриркан. Бу ерда неваранинг барча маросимларини қиз томон қиларкан…

Онанинг овози чиқмади. Қизнинг телефонидан эса қисқа гудок таралди: «тут-тут, тут…»

Қиз қайта қўнғироқ қилди. Оператор бир гапни ҳадеб такрорларди: «Телефон хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида…»

Манба: 1news.uz

Мавзуга оид