Жаҳон | 18:23 / 02.01.2017
64344
3 дақиқада ўқилади

“Титаник” ҳалокати билан боғлиқ янги тахмин маълум қилинди

Британиялик журналист Шенан Молони 30 йил давомида “Титаник” тарихини ўрганди ва лайнернинг ҳалокати билан боғлиқ ўз тахминини билдирди. 1500 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган ҳодиса ёнилғи сақланадиган жойда ўт чиқиши сабаб содир бўлган бўлиши мумкин. Молонининг фикрича, бир неча ҳафта давом этган ёнғин натижасида кема қопламаси қизиб кетган – айнан шунинг учун айсберг билан тўқнашув фожиали якунланган. Шенан Молонининг тадқиқотига бағишланган фильм Британия телевидениеси томонидан янги йил кечаси эфирга узатилди. “Титаник”нинг ҳалокати борасидаги янги тахмин ҳақида The Independent сўз юритди.

“Титаник” – ўз давридаги энг йирик океан лайнери бўлиб, 1912 йилнинг 15 апрель куни ўзининг илк рейси чоғида чўкиб кетган. Кема Атлантика уммонида айсберг билан тўқнашган. Ҳалокат оқибатида 1500 дан ортиқ инсон қурбон бўлди. Расмий маълумотларга кўра, фожиа “кема хавфли, музлаб қолган сувларда катта тезликда ҳаракатлангани, ва жамоа айсберг билан тўқнашувнинг олдини ола билмагани» туфайли юз берган.

Британиялик журналист Шенан Молонининг тахминича, “Титаник”нинг ҳалокатига аслида ёнилғи сақланадиган жойдаги ёнғин сабаб бўлган. Молонининг фикрича, олов лайнерда унинг Саутҳемптондан чиқишидан аввал пайдо бўлган ҳамда уни бир неча ҳафта давомида ўчира олишмаган. Бу вақт давомида кема қопламаси қизиб кетган, шунинг учун айсберг билан тўқнашув жиддий оқибатларга олиб келган.

The Independent’нинг ёзишича, Шенан Молони ҳалокат тафсилотларини ўрганиш жараёнида лайнернинг рейсга чиқишидан аввалги суратларини ўрганиб чиққан. Айсберг билан тўқнашув оқибатида зарар кўрган қопламанинг ички тарафида қурум излари топилди. Мутахассислар ҳам излар “Титаник” ёнилғи бакларидан биридан ёнғин сабаб пайдо бўлганини тасдиқлашган.

Маълум бўлишича, ёнғин “Титаник” Саутҳемптонга келишидан аввал бошланган. Журналист кема эгалари бу ҳолатдан хабардор бўлгани ва уни йўловчилардан беркитишга уринишганини аниқлади: бунинг учун уни Саутҳемптондаги қирғоққа бошқа ёнбоши билан олиб келишган. Зобитларга эса йўловчиларга ёнғин ҳақида гапирмаслик ҳақида буйруқ берилган.

Йўл давомида 12 кишидан иборат жамоа оловни ўчириш билан банд бўлишган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олишмаган. Шенан Молонининг аниқлаштиришича, кеманинг бу жойдаги қопламаси Цельсий бўйича 1000 даража иссиққа қадар қизиб кетган. “Титаник” йўлга чиққанининг бешинчи кунида айсберг билан тўқнашиб кетгач, қоплама бардош бера олмаган ва бортда йирик тешик пайдо бўлган.

Журналистнинг фикрича, “Титаник” ҳалокатига фақатгина айсберг сабабчи эмас: лайнер билан боғлиқ фожиага бир қатор омиллар, жумладан ёнғин ва кема эгаларининг бефарқлиги олиб келган.

Мавзуга оид