Жамият | 16:45 / 03.01.2017
76590
3 дақиқада ўқилади

Блогер мактабларда норасмий равишда "металлолом солиғи" жорий этилгани ҳақида ёзди

Таниқли блогер ва журналист Санжар Саид ўзи истиқомат қилаётган Жиззах вилояти мактабларида норасмий равишда "металлолом солиғи" жорий этилгани баён қилингани ҳақида ёзди.

Унинг маълум қилишича, баъзи мактабларда "металлолом солиғи"ни тўламаганлар дарсларга киритилмаяпти.

Блогер шундай ёзади: "Наҳотки Ўзбекистон бюджети болаларнинг темир-терсагига қараб қолган бўлса?!" 

Қуйида ушбу пост деярли ўзгаришларсиз сайт ўқувчиларига тақдим этилади.

"Бир куни опам қўнғироқ қилиб, жиянларимни “металлолом олиб келмасанглар мактабга келманглар”, деб чиқариб юборишгани, уйда темир-терсак бор-йўқлигини сўради. Қоним қайнаб кетди. Мактаб директорининг телефон рақамини топиб, қўнғироқ қилдим. “Жиянларимга металлолом солиғини солибсизлар, тўламаганлар мактабга келмасин, эмиш. Ўзбекистонда 12 йиллик БЕПУЛ МАЖБУРИЙ таълим бўлса, сизлар қайси қонун ёки кимнинг буйруғига биноан металлолом олиб келмаган бола мактабга киритилмасин, деб айтаяпсизлар?” дедим. Мактаб директори ўзимнинг собиқ устозим, “Санжаржон, илтимос, қўйинг, майли, жиянингиз металлолом олиб келмасин, бизга тепадан шундай топшириқ бўлган, болаларга айтишга мажбурмиз”, деб роса илтимос қилди. Жиянларим истисно тариқасида “солиқ”дан озод қилинди…

Яқинда Арнасойга борсам, аммамнинг болаларига ҳам 30 килодан металлолом олиб келишни айтишибди. Ўзи зўрға кун кўради, битта боласига топса, бошқаси эскиси билан юришга мажбур, шу ҳолига етмагандай нақд 18 минг сўм ортиқча харажат (темир-терсаклар аллақачон тугаб, ўрнига пул йиғишлар бошланган). Таълим сифати ҳаминқадар бўлиб, фарзандларни замонавий воситалардан чалғитиб, ўқиш, таълим олишга жалб қилиш кундан кунга қийинлашиб бораётган бир пайтда металлолом, макулатура, обуна ва яна бошқа “солиқ”, мажбурий-ихтиёрий тўловлар билан болаларни мактабдан бездириш кимнинг хаёлига келган иш? Халқ таълими вазирлигими ёки Молия вазирлиги? Балки вилоят ҳокимияти бу буйруқни бергандир? Наҳотки Ўзбекистон бюджети ўқувчилар темир-терсагига қараб қолган бўлса? Ахир қип-қизил жиноятку бу! Қайси ақли билан норасида болаларга металлолом олиб келмасанг мактабга келма, деб буйруқ беришаяпти улар?! Ундан ташқари, шунча йиғилган пуллар қаерга кетаяпти? Давлат бюджетигами ростдан ҳам?! Келинг, бюджетимиз ўқувчилар ахлат титиб, чиқиндихоналарни ковлаб териб келтирган темир-терсак пулисиз қашшоқлашиб қолади, ҳам дейлик. У ҳолда нима учун йиғилаётган пуллар бўйича халққа ҳисобот берилмайди? Қанча пул йиғилди, нималарга сарфланди, яна қандай кемтикларимизни тўлдириш учун қанчадан темир ўқувчилар бўйнига юк бўлиб тушади?!".

Мавзуга оид