Жаҳон | 19:00 / 08.01.2017
24723
2 дақиқада ўқилади

Сўровнома: Ғарб мамлакатлари аҳолиси III жаҳон урушидан хавфсирамоқда

Фото: Independent.co.uk

YouGov 9 мамлакат аҳолиси ўртасида сўровнома ўтказиб, бугунги кунда уларни ташвишлантираётган энг катта хавф нима эканлигига қизиқди. Сўровномада иштирок этган АҚШ, Буюк Британия, Германия ва Франция аҳолисининг  салбий ўй-хаёлларга мойиллиги сезилди. Натижаларга кўра, иштирокчиларнинг аксарияти III жаҳон уруши бошланишидан хавфсираётгани маълум бўлди. Бу ҳақида Independent нашри хабар берди. 

Манбага кўра, америкадаги сўровнома қатнашчиларининг 64 фоизи учинчи жаҳон урушининг бошланишидан қўрқмоқда. Буюк Британияда эса бу кўрсаткич 61 фоизни ташкил қилади. 

Америкаликлар ўз қўрқувларини янги сайланган президент Дональд Трампнинг лавозимни эгаллаши билан боғлашмоқда. Британияликларнинг 71 фоизи эса асосий таҳдид сифатида Россияга ишора қилишмоқда. 

Бироқ Шимолий Европа мамлакатлари аҳолисининг аксарияти учинчи жаҳон уруши таҳдид солаётганига у қадар ишонмаслиги маълум бўлди. Масалан, Данияда сўровномада қатнашганларнинг 39 фоизигина дунё катта қуролли можаро олдида турибди, деб ҳисоблайди. 

Французлар, ўз навбатида, терроризм олдидаги қўрқувларини яшириб ўтиришмади. Сўровномада қатнашганларнинг 81 фоизи яқин орада янги терактлар содир бўлиши мумкинлигига ишонч билдиришган. Тадқиқотда иштирок этган бошқа мамлакатлар аҳолиси ҳам терактларнинг юқори хавфини қайд этишган. 
 

Мавзуга оид