Жамият | 10:35 / 09.01.2017
23166
2 дақиқада ўқилади

Сайёҳлар учун визаларни бекор қилиш 2021 йилгача кечиктирилди

Фото: instagram/nozimnizomovich

Ўзбекистонга ташриф буюрувчи 27 мамлакат сайёҳлари учун виза тартибини бекор қилиш тўғрисидаги 2017 йил 1 апрелдан кучга кириши лозим бўлган Президент фармони ижроси 2021 йил 1 январга қадар кечиктирилди. Мазкур ўзгартиш Президент Шавкат Мирзиёевнинг 22 декабрдаги қарори билан тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.uz сайти.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарининг фармонига мувофиқ, 1 апрелдан 15 давлат сайёҳлари ва 12 мамлакатнинг 55 ёшдан ошган сайёҳлари учун виза тартибини бекор қилиш режалаштирилган эди.

Янги ҳужжатда қайд этилишича, виза тартибини бекор қилиш тўғрисидаги қарор сайёҳлик фаолиятини барқарор ва бир маромда тараққий эттириш, зарур моддий-техник базани шакллантириш, хорижлик сайёҳлар ва республика фуқаролари ҳаёти хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш, шунингдек, чет эл давлатлари билан тенг ҳуқуқли ташқи иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида қабул қилинди.

Қарорда келтирилишича, виза тартибини кечиктириш тўғрисидаги таклиф Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан киритилган.

Шундай қилиб, 2021 йил 1 январдан Ўзбекистон мамлакатга 30 кундан зиёд бўлмаган муддатга сайёҳлик мақсадида келган Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япониянинг барча ёшдаги фуқаролари учун ҳамда Бельгия Қироллиги, Индонезия, ХХР (сайёҳлик гуруҳлари таркибида), Малайзия, АҚШ, Вьетнам, Исроил, Польша, Венгрия, Португалия ва Чехиянинг 30 кундан зиёд бўлмаган муддатда сайёҳлик мақсадида Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчи 55 ёшдан ошган фуқаролари учун виза тартибини бекор қилади.

 

Мавзуга оид