Ўзбекистон | 12:08 / 11.01.2017
45008
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги қатор вазирликлар мактаблардаги “металлолом солиғи” ҳақидаги маълумотни асоссиз деб топди

Kun.uz сайтида 2017 йилнинг 3 январь куни таниқли блогер ва журналист Санжар Саид томонидан ёзилган мақола эълон қилинган эди.

Унда журналист ўзи истиқомат қилаётган Жиззах вилояти мактабларида норасмий равишда "металлолом солиғи" жорий этилгани ҳақида сўз юритади.

Мақолада айтилишича, Арнасой туманида болаларга 30 килодан металлолом олиб келишни айтишган. Темир-терсаклар аллақачон тугагани сабабли ўрнига 18 минг сўмлик пул йиғишлар бошланган. 

Журналист: “Таълим сифати ҳаминқадар бўлиб, фарзандларни замонавий воситалардан чалғитиб, ўқиш, таълим олишга жалб қилиш кундан кунга қийинлашиб бораётган бир пайтда металлолом, макулатура, обуна ва яна бошқа “солиқ”, мажбурий-ихтиёрий тўловлар билан болаларни мактабдан бездириш кимнинг хаёлига келган иш?”, деб ёзади.

Kun.uz таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигига ушбу масала борасида расмий изоҳ сўраб мурожаат қилганди. Вазирликдан эса тегишли жавоб хати тезкорлик билан етиб келди.

Мактубда “айрим ахборот манбаларида Ўзбекистон ёшларини билим олиши ва меҳнат қилишига доир жараёнлар бўйича айрим асосланмаган маълумотларни пайдо бўлиш ҳолатлари кузатилмоқда”, дейилади.

“Шу каби ахборотлардан бири, яъни «Наҳотки Ўзбекистон бюджети болаларнинг темир-терсагига қараб қолган бўлса?!» деб номланган мақола 2017 йил 3 январь куни «KUN.UZ» интернет сайтида чоп этилганлиги кузатилди”, дейилади хатда.

Ушбу мақолада келтирилган ҳолатларни ҳаққонийлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг 2017 йил 5 январь куни Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирликлари ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлигига йўлланган тезкор талаблари бўйича Халқ таълими вазирлигидан 2017 йил 9 январда 03-02/1-5-226-сонли хат орқали олинган маълумотга кўра, Жиззах вилояти ва Арнасой тумани халқ таълими муассасалари, шунингдек, умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарлари томонидан ўқувчиларга металлолом, макалатура тўплаш ва шунга ўхшаш масалаларда топшириқ (кўрсатма) берилмаганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг Ўзбекистон Меҳнат вазирлигига йўллаган хатида “Халқаро меҳнат ташкилотининг тегишли конвенцияларига мувофиқ вазирлик томонидан мактаб ўқувчиларини мажбурий ва оғир меҳнат турларига жалб этмаслик бўйича қатъий топшириқ берилган бўлиб, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида фан ва спорт тўгараклари, мактабдан ташқари муассасалари доимий фаолияти ташкил этилган”, дейилади. 

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенциялари талаблари асосида Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари жараёнида мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилот, муассаса ва корхоналар раҳбарларига бу борада қонунбузилишига йўл қўйган ҳар қандай айбдор шахсга нисбатан меҳнат ва прокуратура органлари ваколати доирасида маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кўрилиши ҳақида тушунтиришлар берилган ҳамда шунга оид буклетлар, флаерлар тарқатилиб, аҳоли гавжум жойларда баннер ва плакатлар ҳам осилган.

Вазирлик юқоридагиларга асосланган ҳолда ҳамда интернет тармоғида ва бошқа манбааларда турли хилдаги асослантирилмаган ахборотларни тарқатилишини олдини олиш мақсадида бу каби маълумотларни дастлаб ҳаққонийлигини кўриб чиқиш ҳамда вазирликнинг www.mehnat.uz ва www.fbm.uz сайти имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш бўйича ваколатли орган сифатида Меҳнат вазирлиги билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб борилишини тавсия этди.

Маълумки, мустақиллик йилларида ёшларни, айниқса мактаб, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини чуқур билим олишлари, Ватанга муҳаббат руҳида тарбияланишлари, маънавий соғлом ва баркамол авлод бўлиб етишишлари учун барча ҳудудларда катта имкониятлар ва қулай шарт-шароитлар яратилган. Бугунги кунда мамлакатимиз ёшлари фан, адабиёт, санъат, маданият ва спорт соҳаларидаги юксак натижалари билан дунё миқёсида улкан муваффақиятларга эришмоқдалар.

Шу билан бирга, республикамизда ёшларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ва болалар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилишини олдини олишга қаратилган мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база шакллантирилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Шу билан бирга, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган «Энг кичик ёш тўғрисида»ги 138-Конвенциянинг 3-моддасида ўз хусусияти ёки амалга ошириладиган шароитига кўра ўсмир соғлиғи, хавфсизлиги ёки маънавиятига зиён етказиши мумкин бўлган ҳар қандай иш турига ёки ёлланма иш турига қабул қилиш учун энг кичик ёш ўн саккиз ёшдан кам бўлмаслиги кераклиги белгиланган.

Юқорида қайд этилган қонун ҳужжатлари талабларини бузилишига йўл қўйган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49, 491, 51-моддаларида маъмурий жавобгарлик ва Жиноят кодексининг 135-моддасида жиноий жавобгарлик чоралари кўрилиши белгиланган.

Таҳририят номидан шуни қўшимча қилишни истардик: Ўзбекистонда бепул ва мажбурий ўрта таълим тизими бор. Бу ҳолат дунёнинг кўпгина давлатларида йўқ. 

Аммо, гуруч курмаксиз бўлмайди, деган гаплар ҳам бор. Ҳурматли ўқувчиларимиздан шуни сўраб қолган бўлардик – бундай ноқонуний хатти-ҳаракатлар амалга ошишига гувоҳ бўлсангиз ёки сиздан пул ёхуд бошқа нарса талаб қилишса, бу ҳақда дарҳол тегишли идораларга мурожаат қилинг. Хусусан, Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги Виртуал қабулхонасига ҳам бундай ҳолатлар билан боғлиқ шикоятларингизни юборишингиз мумкин. 

Шуни яхши билиш лозимки – бундай нарсалар мажбурий эмас ва аслида йўқдир. Ўз ҳуқуқларингизни бузишларига йўл қўйманг. Бунинг учун дарров пул узатишга шошилмасдан, аввало, ўйлаб кўринг – бу иш қонун доирасида амалга ошириляптими ёки йўқ. Агар шубҳали бирор-бир жиҳатига эътиборингиз тушса, дарров тегишли ташкилотларга мурожаат қилинг. Қонун устуворлиги таъминланган ҳар бир жабҳада, албатта, адолат қарор топади

Мавзуга оид