Жамият | 07:46 / 12.01.2017
16459
8 дақиқада ўқилади

Ватанни севмоқлик инсонийлик шарафидир

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

Ҳар бир инсоннинг асл ватани ўз уйидан бошланиб, сўнг маҳаллага ёйилади. Маҳаллалар мажмуасидан эса қишлоқ ва шаҳарлар ташкил топади. Сўнгра бир неча қишлоқ ва шаҳарлар бирикмасидан бутунбошли юрт, Ватан ташкил топади. Буни бежиз келтираётганимиз йўқ. Чунки ҳар бир ватанпарварман, деган киши, аввало, ўз уйи дахлсизлигини ҳар тарафлама таъминлай олиши керак. Яъни оила аъзоларини нафақа, кийим-кечак ва турар-жой билан таъминлаши шарт. Бундан ташқари, мазкур таъминотни ўзигина эмас, балки қарамоғида бўлганларни эмин-эркин ҳаёт кечиришлари ва ўзларининг шахсий эҳтиёжлари туфайли қилиниши лозим бўлган ишларни бемалол адо эта оладиган даражада хавфсизликларини таъминлаши керак. Мазкур вазифаларни барчаси хонадоннинг қўрғони, қалъаси, ҳимоячиси бўлмиш эркакнинг зиммасида бўлади. Демак ҳар бир хонадоннинг эркаги ўз хонадонида бўлиши керак бўлган барча шарт-шароитларни имконият даражасида юзага чиқарар экан, ўз-ўзидан маҳалла ҳам ҳар тарафлама обод бўлиб, тинчлик ва хотиржамликка эришади. Ушбу доирани бир оз кенгайтирадиган бўлсак, бутунбошли қишлоқ, шаҳар ва улардан ташкил топган юрт ҳам ўз-ўзидан мутлақ тинчлик, хотиржамлик ва осойишталикка эришади. Чунки бундай ватаннинг бағридаги ҳар бир шахс ўзининг олдидаги бурч ва масъулиятларини бенуқсон адо этаётган бўлади. Шундан келиб чиқиб айта оламизки, ўзининг оиласидаги тинчлик, хотиржамликни ва фаровон турмушни таъминлай олмаган киши қандай қилиб, бутун бошли ватаннинг тинчлиги ва дахлсизлигини таъминлай олади? Демак ватан сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш учун шу юрт аҳолисининг ҳаммаси ёппасига чегарада қўриқчи бўлиб туриши шарт эмас. Балки ҳар бир шахс ўзининг эгаллаган ўрни ва мавқеидан келиб чиқиб, олдидаги бурч ва масъулиятларини адо этса, ўз-ўзидан ватаннинг ҳимояси учун улкан ҳисса қўшган бўлади.

Эътибор берадиган бўлсак, ҳадиси шарифларда чегара пойлашлик шариатдаги энг буюк ибодатларнинг савобларига тенглаштириляпти. Ва унда ҳалок бўлишликнинг мукофоти шаҳидлик мақоми эканлиги ҳам айтиб ўтиляпти. Демак мўмин-мусулмонлар ҳаётга бир тарафлама қарамасдан, кенгқамровли ҳолатда назар солишлари керак бўлар экан. Баъзиларга ўхшаб дунёни деб охиратни ёки охиратни деб дунёни тарк этиб қўймасдан, ҳар иккаласини бирдек ушлаган ҳолатда, уларни обод қилиш учун жонни фидо қилиб бўлса ҳам хизмат қилиш керак.

Юқорида ҳар бир инсон ўзининг соҳаси, қобилияти, иқтидори ва имкониятларидан келиб чиқиб ватанининг ҳимояси учун холис хизмат қилишини айтиб ўтдик. Бу борада саҳобаи киромлардан ўрнак олсак, арзийди:

Абдурраҳмон ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади:

«Усмон минг динорни енгига солиб келтириб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қийинчилик» (уруши) аскарини тайёрлаётганларида қўйниларига тўкди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўйниларидагини у ёқ-бу ёққа ағдариб туриб, икки марта: «Бугундан кейин Усмонга нима қилса ҳам, зарар қилмайди», деганларини кўрдим» (Имом Термизий ривоят қилган).

Ўша вақтнинг динори тўрт граммдан ортиқроқ соф олтин бўлишини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўша дафъа Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўйниларига тўрт килодан ортиқ соф олтинни тўкканлари маълум бўлади. Бундан бир минг тўрт юз йил илгари тўрт килограмм соф олтин қанчалик улкан миқдордаги мулк бўлганини энди бир тасаввур қилиб кўринг, ана шунда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қилган молиявий харажатнинг аҳамиятини тушуниб етасиз!

Бу тенги йўқ фидокорлик эди. Бу Аллоҳ таоло йўлидаги улкан хизмат эди. Бу ишни унча-мунча гап-сўз билан баҳолаб ҳам бўлмас эди.

Абдурраҳмон ибн Ҳаббоб розияллоҳу анҳу айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қийинчилик» лашкарига тарғиб қилганларида ҳозир бўлдим. Ўшанда Усмон ўрнидан туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг йўлида юзта туяни эгар-жабдуғи билан зиммамга оламан», деди.

Сўнгра у зот яна лашкарга тарғиб қилдилар. Бас, Усмон ўрнидан туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг йўлида икки юзта туяни эгар-жабдуғи билан зиммамга оламан», деди.

Сўнгра у зот яна лашкарга тарғиб қилдилар. Бас, Усмон ўрнидан туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг йўлида уч юзта туяни эгар-жабдуғи билан зиммамга оламан», деди.

Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбардан тушаётиб:

«Бундан кейин Усмон нима қилса ҳам, зарар бўлмас. Бундан кейин Усмон нима қилса ҳам, зарар бўлмас», деганларини кўрдим» (Имом Термизий ривоят қилган).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ таоло юртларни ватан муҳаббати билан обод қилди», деганлар. Ва яна шундай деганлар: «Агар ватан муҳаббати бўлмаганида, юртлар хароб бўларди».

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деган эдилар: «Она-Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлган».

Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтган эканлар: «Инсон ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам севади. Ватанни севмоқлик қалбдаги асл, туғма табиатдир. Туғма табиат инсонни ватанида яшаб турганда хотиржам, ундан йироқда бўлганда соғинадиган, унга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қиладиган, унга ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди».

Марҳум аллома Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг қуйидаги сўзлари она-Ватанини севган ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади:

«Ҳар бир кимсага маълумдирки, ҳаёт оламида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордур. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўлурлар. Улар: Озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган молга ўзи эгалик қилмоғи, туғилиб-ўсган она-Ватани ҳамда асрлар бўйи асраб-авайлаб келаётган муқаддас дини».

Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ҳаёт кечиради, лекин унинг миллати ва элатидан қатъи назар, шу юрт барчамизнинг ватанимиздир. Баъзилар ўйлаганидек, Ўзбекистон ўзбекларнинг ватанигина эмас, балки ким шу юртда туғилиб-ўсиб яшаётган бўлса, унинг ҳам асл ватани шу юрт бўлиб, у ҳам шу юртнинг тинчлиги, осойишталиги ва чегарасининг дахлсизлиги учун жавобгардир.

Фурсатдан фойдаланиб барча юртдошларимизни «Ватан ҳимоячилари куни» билан муборакбод этамиз.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,

«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

Мавзуга оид