Жаҳон | 18:26 / 16.01.2017
6096
2 дақиқада ўқилади

Руминиянинг собиқ президентига нисбатан инсониятга қарши жиноятлар бўйича айблов эълон қилинди

Руминия ҳарбий прокуратураси мамлакатнинг собиқ президенти Ион Илиескуни инсониятга қарши жиноятларни содир этишда айблади. Унга 1990 йилнинг 13-15 июнь кунларида Бухарестда юз берган тартибсизликларни шафқатсизлик билан бостиргани учун айблов қўйилган. Бу ҳақда Agerpres агентлиги хабар берган.

"Илиескуга қарши жиноий иш бўйича тергов ишлари давом этмоқда. Энди у айбланувчи мақомида. Айни вақтда биз ҳимояга тайёргарлик кўрмоқдамиз", деган собиқ президентнинг адвокати Андрей Жоржеску.

Собиқ давлат раҳбари прокуратурада бир соат давомида бўлган, у журналистлар билан гаплашишдан бош тортган.

Бу иш бўйича Руминия собиқ раҳбариятининг яна бир неча собиқ вакилига нисбатан текширувлар олиб борилмоқда. Булар ўша вақтдаги бош вазир Петре Роман, бош вазир ўринбосари Желу Войкан Войкулеск, Руминия ахборот хизмати собиқ директори Виржила Мэгуряну ва бошқалар. Улардан баъзиларига ҳам айблов эълон қилинган.

Фожиавий воқеалар 1990 йилнинг апрелида бошланган эди. Мамлакатда бўлиб ўтаётган намойишлар сайловларда Илиеску бошчилигидаги Миллий қутқарув фронти ғалаба қозонгандан кейин ҳам давом этди. Деярли уч ой давомида ҳукумат тепасига собиқ коммунистлар келишидан норози бўлган намойишчилар кечаю-кундуз Бухарест марказида норозилик намойиши ўтказади.

Ҳарбий прокурор маълумотига кўра, 13 июнда полиция намойишчиларни майдондан қувиб чиқаришга уринган. Юзага келган тўқнашувда намойишчилар ИИВ, давлат хавфсизлиги, телевидение ва бошқа давлат биноларига ҳужум қилган. Шунда Илиеску ҳукуматга ёрдам учун турли вилоятлардан ўн минглаб кончиларни чақирган. Тўқнашув натижасида 6 киши ҳалок бўлган, 1269 нафари тиббий ёрдам учун мурожаат қилган, 1242 киши сиёсий айбловлар билан озодликдан маҳрум этилган.

2005 йилда кончилар тартибсизлиги чоғидаги одамларнинг ҳалок бўлгани юзасидан Илиескуга қарши айблов эълон қилинган, аммо иш натижасиз якунланганди.

Мавзуга оид