Жамият | 21:18 / 19.01.2017
15908
7 дақиқада ўқилади

Шубҳа аралашган фойдаларни тарк қилиш - тижорат одобларидан бири

Тижорат одобларидан бири шубҳали нарсаларни, шубҳа аралашган фойдаларни тарк қилишдир. Шубҳали деганда ҳалол ёки ҳаромлиги аниқ бўлмаган ва киши кўнглида ғашлик пайдо бўлишига сабаб бўладиган нар­салар тушунилади. Бундай ҳолатлар тижоратда кўп учрайди.

Ҳадиси шарифда:

عن أبي عبد الله النعمان بن بشير رضي الله عنهما قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه وآله وسلم يقول: إن الحلال بين وإن الحرام بين وبينهما أمور مشتبهات لا يعلمهن كثير من الناس فمن اتقى الشبهات فقد استبرأ لدينه وعرضه ومن وقع في الشبهات وقع في الحرام كالراعي يرعى حول الحمى يوشك أن يرتع فيه ألا وإن لكل ملك حمى ألا وإن حمى الله محارمه ألا وإن في الجسد مضغة إذا صلحت صلح الجسد كله وإذا فسدت فسد الجسد كله ألا وهي القلب

Абу Абдуллоҳ Нўъмон ибн Баширдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай деганларини эшитдим: “Дарҳақиқат, ҳалол нарсалар очиқ-равшандир, ҳаром нарсалар ҳам очиқ-равшандир. У иккисининг ўртасида эса, (ҳалол ёки ҳаромлиги кўпчилик учун ноаниқ бўлган) иштибоҳли нарсалар ҳам борки, кўпчилик уларни (нг ҳукмини) билмайди. Бас, кимки шундай шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилса, динини (яъни тақвосини нуқсон-камчиликлардан), номуси, обрўсини (турли гап-сўзлардан) покиза асраб қолади. Аммо кимки шубҳали нарсаларга ўралашиб қолса, ҳаромга ҳам тушиб қолади. Бунинг мисоли (яъни иштибоҳли нарсалардан сақланмайдиган кишининг мисоли) бировнинг қўрғони атрофида сурувини ўтлатиб юрган чўпонга ўхшайдики, унинг қўйлари сал қолса, ўша қўрғонга кириб кетади. Огоҳ бўлинг, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўрғони бўлади. Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг қўрғони Унинг ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг, жасадда бир парча гўшт борки, агар у соғлом бўлса, бутун жасад соғ-саломат бўлади. Агар у айниса, бутун жасад бузилади. Огоҳ бўлинг, у парча гўшт қалбдир” (Бухорий ва Муслим ривояти). Имом Нававий ушбу ҳадис шарҳида айтади: “Нарсалар уч қисмга бўлинади: Нон емоқ, гапирмоқ, юрмоқ каби ҳалоллиги очиқ-равшан бўлган нарсалар. Ароқ ичиш, зино қилиш каби ҳаромлиги очиқ-равшан бўлган ишлар. Яна на ҳалоллиги ва на ҳаромлиги аниқ бўлган иштибоҳли нарсалар ҳам борки, уларнинг ҳукмини кўпчилик билмайди. Уламолар эса оят-ҳадис ҳужжати билан ёки қиёс орқали уларнинг ҳукмини аниқлашади. Демак, бирон нарсанинг ҳалол ёки ҳаром эканлигида иштибоҳ туғилса ва бу борада оят-ҳадисдан ва ижмодан далил топилмаса, мужтаҳид олим шу мавзуда ижтиҳод қилиши ва шаръий далил билан ўша ноаниқ нарсани ҳалолга ёки ҳаромга нисбатлаб бериши лозим бўлади”.

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) бундай деганлар: “Комил тақво банданинг Аллоҳ таолодан ҳатто заррача нарса хусусида ҳам қўрқмоғи ва ўзи билан ҳаром ўртасига тўсиқ қўйиш мақсадида ҳаром бўлиши эҳтимолидан қўрқиб, баъзи ҳалол нарсаларни ҳам тарк қилмоғидир”.

Ҳасан Басрий айтади: “Тақводор кишиларда тақво шу даражага бориб етадики, улар ҳаромдан қўрққанлари боис, кўпгина ҳалол нарсалардан ҳам тийилиб турадилар”.

Суфён Саврий айтади: “Тақводор кишилар одатда тақво қилинмаса ҳам бўлаверадиган масалаларда ҳам ўзларини тийганликлари боис тақводор деб номландилар”.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) бундай деганлар: “Мен ўзим билан ҳаром нарсалар ўртасида аслида ҳалол нарсалардан иборат бир парда қўйиб, уни ҳеч қачон бузмасликни хоҳлар эдим”.

Суфён ибн Уяйна айтади: “Банда токи ўзи билан ҳаром ўртасида ҳалолдан бўлган бир тўсиқ қўймагунича ҳамда гуноҳ ва шубҳали нарсаларни тарк қилмагунича имон ҳақиқатига эриша олмайди”.

Ривоят қилинишича, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ҳаётларида бир марта билмаган ҳолда шубҳали нарсани еб қўядилар. Сиддиққа (розияллоҳу анҳу) ҳалиги нарсанинг шубҳали экани айтилгач, дарҳол бармоқларини оғизларига тиқиб, қайт қилиб ташлайдилар.

Ҳалол ё ҳаромлиги ноаниқ бўлган нарсалардан йироқ юриш кишининг тақвосидан далолат беради. Аммо тақво қилиш даъвоси билан аслида ҳаром бўлиши эҳтимоли жуда ҳам йироқ бўлган нарсалардан-да тийилиб, васвасага тушиш нотўғри. Бундай қилиш тарк қилинмоғи афзал бўлган шубҳалар жумласига кирмайди. Мисол учун, ҳеч бир ҳужжатга эга бўлмай туриб, биронтасига уйлансам-у, келин менга номаълум тарафдан маҳрам бўлиб чиқса, нима қиламан, деган андиша билан уйланмай юриш ёки нажосат аралашган бўлса-чи, деган гумон билан чўлда топилган сувни ичмай ўзига зулм қилиш каби “парҳезкорликлар” тақводан эмас, балки шайтоний бир васваса холос.

Ҳозир глобаллашув даврида яшаяпмиз, кундан-кунга савдо-сотиққа оид янгиликлар пайдо бўлмоқда. Баъзан савдо битимларининг шундай турлари чиқиб қоладики, инсон унинг ҳукмини билолмай ожиз қолади ёки баъзиларини эшитиб, кўнглига хижиллик ва шубҳа оралайди. Ана шундай вазиятларда шаръий ва қонуний жиҳатдан ҳукми ўрганилмагунча ўша иш ёки нарсадан сақланиб туриш тавсия этилади.

Ҳадисда “Сени шубҳалантирадиган нарсани ташлаб, шубҳага солмайдиганини олавер (қилавер)” (Насоий ва Имом Термизий ривояти), дея ўгит берилади. Шу билан бир қаторда, тижоратчи ёки тадбиркор ҳаромга тушиб қолмаслик учун амалга ошираётган савдо турлари ва кўринишларидан бирортасининг ҳукмини билмаса, мазкур нарсалар борасида илм аҳли билан маслаҳатлашиб олиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Зеро, Қуръони Каримда “Агар билмасангиз, зикр (илм) аҳлидан сўранг!” (Наҳл, 43), дейилган.

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жомеъ масжиди имом-хатиби

Мавзуга оид