Ўзбекистон | 14:52 / 21.01.2017
27012
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда мактабларни иситиш ва бошқа муаммоли ҳолатларни ҳал этиш Раматовга юклатилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида 20 январь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. Давлат раҳбари ташриф давомида Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари билан учрашув ўтказди.

Шавкат Мирзиёев йиғилишда Оролбўйи минтақаларининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастури, ичимлик суви, транспорт, автомобиль йўллари, иш ўринларини яратиш, ижтимоий соҳа, таълим, маданият соҳаларини ривожлантириш бўйича Фонд ташкил қилинишини айтиб ўтган. Бу ҳақда Kun.uz’нинг йиғилишда иштирок этган манбаси маълум қилди. 

Шунингдек, Нукус шаҳридаги бир қатор марказий кўчалар қайта қурилиши ҳамда уларда бунёдкорлик ишлари олиб борилиши, темир йўл вокзали қошида Иброҳим Юсуповнинг бюсти ўрнатилиши ҳам маълум қилинган.

Бундан ташқари, йиғилишда Қорақалпоғистоннинг шимолий ва чекка ҳудудларидаги мактабларни иситиш, сув, йўл, транспорт тизими ва канализация масалаларини яхшилаш вазифалари бош вазирнинг биринчи ўринбосари О.Раматов зиммасига юклатилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси бош вазир ўринбосарлари А. Икромов, О. Раматов, У. Рўзукулов, Р. Азимов, Т.Ибрагимов, Т. Нарбаева иштирок этишган.

Мавзуга оид