Жаҳон | 09:30 / 23.01.2017
20013
2 дақиқада ўқилади

Саакашвили Трамп инаугурациясини бутазорда кузатгани ҳақидаги гап-сўзларга изоҳ берди

Украинанинг Одесса вилояти собиқ губернатори Михаил Саакашвили ўзининг фейсбукдаги саҳифасида баъзи бир Украина ОАВдан норозилигини ёзиб қолдирди. Улар сиёсатчининг АҚШ президенти Дональд Трамп инаугурация маросимидаги иштироки устидан кулишган. Саакашвилининг сўзларига кўра, аввалига унинг маросимдаги иштирокини ёритишдан бош тортган нашр кейинчалик “Россия билан алоқадор бўлган кишилар томонидан суратга олинган тасвирларни тарқата” бошлаган.

Бу суратлар “Саакашвили инаугурацияни тўсиқлар оша кузатди” сарлавҳаси остида тақдим этилди. Сиёсатчининг билдиришича, аслида у бу вазиятда чиқиш эшиги ёнида ўз гуруҳи қолган аъзоларини кутаётган бўлган.

“Аҳмоқлар аҳмоқлигича қолади. Мен ҳеч нимани исботлашим шарт эмас! Менда сўнгги бир неча ҳафта ичида Трамп жамоаси билан алоқалар бўлди, уларнинг кўпчилигини шахсан танийман ва Украинанинг бу маъмуриятдаги дўстлари билан кўпроқ ҳамкорлик қилмоқчиман.

Бир улар мени аэропортда яширинча суратга олишади, бир маросимдан чиқиш чоғида тасвирга туширишади, кейин эса ҳар хил аҳмоқона гапларни ёзишади. Бу биз тўғри йўлда эканимиз ва душманларимиз биздан қўрқишидан далолат беради”, - деган Михаил Саакашвили.

Саакашвили душманларига “қора нарсалар”ни йиғишда давом этишни таклиф қилиб, “Украинанинг халқаро позицияларини мустаҳкамлаш учун шериклар ва дўстлар билан ишлашда давом этишга” ваъда берди.

Мавзуга оид