Жамият | 23:21 / 26.01.2017
10851
2 дақиқада ўқилади

Жиноятчилар машинани эгасига ёнилғи тўла бак билан қайтаришди

Канадада жиноятчилар ўғирлашган машиналарини ёнилғи баки тўла ҳолда эгасига қайтаришди. Бу ҳақда Facebook’да машина эгаси Жош Кук маълум қилган. Автомобиль ўғирлангандан бир кун ўтиб эгасига қайтарилган. 

Ушбу воқеани ёритган CBC News нашрининг таъкидлашича, Кукнинг машинаси у пиццани мижозга етказганда ўғирлаб кетилган. Кук ёмон об-ҳаво шароити сабабли ўзининг 2008 йилдаги Saturn Astra машинасини авариявий сигнали ва моторини ёқиқ ҳолда қолдирган. Канадалик бино ичига кирганда мотор шовқинини эшитган ва кўчага югуриб чиққан, бироқ не кўз билан кўрсинки, унинг машинаси катта тезликда ундан узоқлашиб кетган.

Кук ҳамма ишини ташлаб, яқин орадаги клиникага бориб, у ердан полицияни чақиртирган, унинг мобиль телефони машинада қолиб кетган бўлган. Бўлган воқеадан хабар топган клиника ходимлари унга раҳмлари келиб, пиццасини сотиб олиб, яна яхшигина чойчақа ҳам беришган.

Эртаси куни Кукнинг таниши жиноят жойи ёнидан ўтаётиб, Кукнинг автомобилини кўриб қолган. "Астра" ўзи ўғирланган жойдан 10 метр берида ташлаб кетилган бўлган. Машинанинг габарит чироқлари ёқиқ ва қулфлар очилган бўлган, машинанинг ўт олдириш калити эса аниқланмаган. 

Воқеа жойига захира калит билан етиб келган Кук машинасига нимадир жиддий шикаст етганини аниқламаган. Шу билан бирга у машинани бошқараётганда подвеска, трансмиссия ва чиқиндилар чиқариш тизимида баъзи муаммолар борлигини қайд қилган, бироқ ҳаммасидан уни лиқ тўла бак ҳайратлантирган.

Жабрланувчи автомобилини полициячиларга терговни ўтказишлари учун топширган.

Мавзуга оид