Жамият | 18:18 / 27.01.2017
7455
2 дақиқада ўқилади

Ҳаракатлар стратегияси доирасида Халқаро давра суҳбати ўтказилди

27 январь куни "International Hotel Tashkent" меҳмонхонасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси" лойиҳаси ва унинг кенг жамоатчилик муҳокамасига бағишлаб ўтказилаётган медиаҳафталик доирасида экспертлар, журналистлар, давлат бошқарув органлари, жамоат ташкилотлари ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирокида халқаро давра суҳбати ўтказилади. 

Мазкур тадбир доирасида беш кун мобайнида Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасининг 5 йўналиши бўйича ўтказилган тақдимотлар ва мунозаралар якунлари тўғрисида маълумотлар берилади. Таъкидлаш жоизки, Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасига бағишланган медиаҳафталик 23 январдан 27 январга қадар бўлиб ўтди. Тадбирнинг бош мақсади - Ўзбекистон аҳолисини Ҳаракатлар стратегияси билан яқиндан таништириш, уларни қизиқтирган саволларга жавоб бериш, соҳа мутахассислари ва жамоатчилик фикр-мулоҳазалари, таклиф ва изоҳларни ўрганиш. 

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Стефан Приснер, Олий Мажлис Сенат раиси ўринбосари Светлана Артикова, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат, ЎЭОАВМА (Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси) бошқарув раиси Фирдавс Абдухолиқов, ЕХҲТ лойиҳаларининг мамлакатимиздаги координатори Жон МакГрегор ҳамда ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов Ҳаркатлар стратегияси бўйича якуний хулосаларини баён қилишди. 

"Эркин микрофон" бўлимида эса АҚШ, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон каби бир қатор хорижий давлатлар элчилари медиаҳафталик борасида сўз юритишди. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, барча хорижий дипломатик миссиялар юртимиздаги ўзгаришлар ҳақида ижобий фикр билдиришди ва ташқи алоқаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган сиёсатимиздан мамнун эканликларини яширишмади. 

Мавзуга оид