Ҳиндистонда ижтимоий тармоқлар орқали ярим миллиард доллар ишлаб олган фирибгарлар ушланди
Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штати полицияси молиявий онлайн-пирамида яратиш орқали 550 млн доллар ишлаб топган уч фирибгарни қўлга олди. Фирибгарлар омонатчиларга интернетдаги маълум саҳифаларга "лайклар" қўйиш учун ҳақ тўлашга ваъда қилишган, деб хабар бермоқда Hindustan Times нашри.
Пирамида ташкилотчиси 26 ёшли, техник маълумотга эга бўлган Анубхав Миттал бўлган. 2015 йилда у иккита шериги билан Ноида шаҳрида жойлашган Ablaze Info Solutions Limited фирмасини ташкил этган.
Фирма ўзини учинчи компаниялар учун уларнинг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини оммалаштирувчи воситачи сифатида маълум қилган. Бироқ "лайклар"ни бот тармоқлари орқали кўпайтириш ўрнига, улар барча истовчиларга бу жараёнда иштирок этишни ва пул ишлаб олишни таклиф қилишган. Бунинг учун фирмадан нархи 5750 рупийдан 57,5 минг рупийгача (85 ва 855 доллар) турадиган "обуна" сотиб олиш керак бўлган. Пирамида омонатчилари пулларни тўлагач, "лайк" қўйиш керак бўлган саҳифаларга ҳаволалар олганлар ва ҳар бир "лайк" учун 5 рупийдан олганлар.
Аслида эса фирма компаниялар аккаунтларини оммалаштириш бўйича ҳеч қандай хизмат кўрсатмаган, балки ўз омонатчиларига сохта серверда яратилган ҳаволаларни жўнатган. Стандарт пирамида каби, бу фирма ҳам омонатчиларга янги мижозларни таклиф қилганлик учун мўмайгина пул тўлаган, "лайклар" учун пуллар эса обуначилар киритган пуллардан тўланган. Оқибатда фирманинг мижозлар базаси 650 минг кишигача етган.
Нашрнинг ёзишича, ушбу фирибгарлик Ҳиндистонда ўтган йил ноябрь бошида бошланган валюта ислоҳотидан кейин фош бўла бошлаган. Компания декабрда катта миқдордаги суммаларни омонат сифатида кирита бошлаган ва бу солиқчиларнинг эътиборини тортган. Бундан ташқари, мижозлар сони кўпайиб кетгани сабабли фирибгарлар гонорарларни тўламай қўйганлар ва бу мижозларнинг полицияга мурожаат қилишга мажбур қилган.
"Валюта ислоҳотидан кейин, яъни декабрь охиридан Миттал ўз омонатчиларига ҳақ тўламай қўйган, бу эса уларнинг полицияга мурожаат қилишларига сабаб бўлган. Январь ўртасида унда иккита банк ҳисоб рақамида 6,5 млрд рупий бўлганди. Ҳозир эса пул ювиш сабабли уларда 5,2 млрд рупий қолган", деб айтган полиция вакили.
Терговчилар Митталнинг ноқонуний тўпланган пулларни ювишга алоқадорлигини текширишмоқчи. Шуниси маълумки, у ота-онаси уйида яшаган ҳолда, қимматбаҳо кўчмас мулк ва автомобиллар харид қилган. Терговчиларнинг тахминича, фирибгар Австралияга қочмоқчи бўлган, бундан унинг офисида топилган ҳужжатлар гувоҳлик бермоқда.
Мавзуга оид
20:58 / 19.11.2024
Путин Ҳиндистонга боради
16:43 / 17.11.2024
Ҳиндистон биринчи гипертовушли ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди
16:50 / 16.11.2024
Ҳиндистонда ҳаво ифлосланиши кучайиб кетганидан Тож Маҳал кўринмай қолди
17:36 / 14.11.2024