Жамият | 13:41 / 04.02.2017
20228
14 дақиқада ўқилади

Эътиқодсиз ўқитувчининг маънавий қиёфаси бўлмайди

Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинганига кейинги йилда 20 йил тўлади. Одатда бундай шароитда ўтган даврга бир назар ташланади, эришилган ютуқлар, йўл қўйилган хато ва камчиликлар сарҳисоб қилинади. Таҳлил қилиш натижалари эса бизни янги марраларга етаклайди, мавжуд муаммоларни ҳал этишга ундайди.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва “Таълим тўғрисида”ги Қонунда ўқитувчи-мураббийлар олдига катта вазифалар қўйилди, зеро таълим-тарбиянинг сифати самарадорлик даражаси энг аввало уларнинг истеъдоди, ўз касбига нисбатан меҳр-муҳаббати, зиммасига юклатилган масъулиятни англаб етишига боғлиқ. Шу ўринда мустақилликнинг илк йилларида мактаблар, умуман, барча таълим муассасаларида аҳволнинг ўта оғирлиги, ўқитувчиларнинг “қорин ғами”да ишдан бўшаб кетишлари, пировард натижада таълим тизимининг мутлақо издан чиқиш хавфи пайдо бўлганлигини эслашимиз муҳимдир.

Мана, ўша кунлар ҳам ўтиб кетди. Бугун бундан 19 йил аввал мақсад қилган “портлаш эффекти” юз берди. Ўзбекистонда таълим тизими мутлақо янги шакл ва мазмунда шаклланди. Унинг тажрибаси халқаро миқёсда ўрганилмоқда. Таълим тизимидаги “портлаш эффекти” ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий мафкуравий соҳаларда ҳам айнан шундай “эффект”ни пайдо қилмоқда.

Айни пайда, кўп юз минг кишилик ўқитувчи-муаллимлар орасида ўзининг том маънодаги маънавий қиёфасини топа олмаётган, тобора тезлашиб бораётган замон талабларидан ортда қолаётганлар ҳам борлигини эсдан чиқармаслик муҳимдир. Яна ҳужжатларга мурожаат қилайлик. “Таълим тўғрисида”ги Қонунда таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари сифатида таълим-тарбиянинг инсонпарварлиги, демократик характердалиги, таълим тизимининг дунёвийлиги кўрсатилган. Шунингдек, мазкур ҳужжатда юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлганларгина педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилади. Бошқача сўз билан айтганда, “Таълим тўғрисида”ги қонунда-педагогнинг ижтимоий- маданий,мафкуравий қиёфаси чизиб борилган.

Таълимнинг турли тизимлари ўқитувчи-мураббийлари билан бўлган учрашувлар, суҳбатлар чоғида, афсуски, айрим домлаларимиз талаб этилган “қиёфа”га эришмаганликларини кўриш мумкин. Аслида бундайлар барча даврларда ва жамиятларда “меҳнат қиладилар”, борликларини сездириб турадилар. Шу ўринда улуғ шоир Чўлпоннинг “Адабиёт надир?”, деб номланган мақоласидаги қуйидаги фикрга мурожаат қилишни маъқул кўрдик: “Бизни уламо ва эшонларимиз тўн киймоқдан, авомларимиз чойхоналарга чиқиб чой ичмоқдан  ва зиёлиларимиз эса Оврўпо кийимларидан ва қийматлик папирўсларидан лаззат олурларки, “адабиёт нима?” десанг, жавобида юқорида айтилганига “яъни, масалан”дан бошқа жавоблари йўқдир. Мана шунинг учундирки, кундан-кунга руҳимиз тушиб, келадирғон истиқболимизга умидсиз қараб, бошқа миллатлар каби шод ва умидли яшамаймиз ва бизда шодлик руҳ бўлмагани учун бир ишни қиламиз деб энди ўйлаганимизда ўй йўқ-фикрлар чочилиб, ақлларимиз паришон бўлиб кетар” (Чўлпон. Адабиёт нодир. –Тошкент, 1994. 37-бет).

Хўш, ўқитувчининг маънавий қиёфаси қандай шаклланади, унинг таркибий қисмлари нималардан иборат, ушбу жараёнда устувор аҳамият бериладиган йўналишлар нималардан таркиб топади?

Фикримизча бугунги ўқитувчи маънавий қиёфасини энг аввало жамият, унинг қонуниятлари, барпо этилаётган мамлакат ҳакидаги билимлар билан тўлдириш лозим. Демократик, ҳуқуқий, инсонпарвар давлат билан тоталитар-мустабид, маъмурий – буйруқбозликка асосланган мамлакатни, дунёвий давлатнинг диний давлатдан фарқини билмасдан, мамлакат конституцияси, унинг асосий принциплари, инсон ва фуқароларнинг  асосий ҳуқуқлари, эркинликлари, бурчлари, давлат ҳокимиятининг ташкил этилиши каби масалалар тўғрисида мукаммал билимга эга бўлмаган ўқитувчини маънавий жиҳатдан етук Шахс дейиш қийин. Айниқса 2010 йил ноябр ойида қабул қилинган “Мамлакатимизда демократик ислоҳатларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”ни, унинг барқарор ривожланиб бораётган иқтисодиётга асосланган очиқ демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш, инсон, унинг манфаатларини ҳимоя этиш борасидаги аҳамиятини англаб етмасдан ҳар қандай киши ўзини маънавий жиҳатдан шаклланган, дейишга ҳаққи йўқ. Бу нарса, айниқса, ўқитувчи-мураббийларга кўпроқ тегишли ҳисобланади.

Шу маънода ўқитувчининг замонавий ижтимоий–гуманитар фанларни чуқур, ҳар томонлама ўрганиши талаб этилишини қайд этиш лозим. Айниқса, тарих, фалсафа, адабиёт, маданиятшунослик, маънавият асослари каби фанлар ўқитувчи маънавий қиёфасини шакллантиришнинг муҳим омилидир. Минг афсуслар билан тан олиб айтиш лозимки, Алишер Навоий ва Бобур ғазалларини ёд олмасдан, уларни таҳлил этиш даражасига етмасдан филология факультетларини битириб, “Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси” деган ихтисосликка эгалар камми?

Шу нуқтаи назардан, мен ўқитувчи маънавий қиёфасини шакллантиришда миллий маданий меросимиз, қадриятларимиз, анъанларимизни чуқур ва пухта ўзлаштириш устувор аҳамиятга эга эканлигини қайд этмоқчиман. Бунинг учун, фикримча, дастлабки методологик-концептуал манба сифатида 2014 йил 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференция ҳужжатлари, айниқса, мамлакат биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мазкур анжумандаги маърузаси билан  танишиш муҳимлигини эслатишни лозим топдим.

Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек каби математик, астрономлар, Абу Али ибн Сино каби табиб-донишмандлар, Низомиддин Шомий, Хондамир, Шарафиддин Али Яздий каби тарихчилар, Абу Наср Фаробий, Абу Абдуллоҳ Хоразмий, Фахриддин Розий сингари файласуфлар, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Алишер Навоий, Захриддин Муҳаммад Бобур, Маҳмуд Қошғарийдек адиблар, тилшуносларнинг асарлари билан озиқланмасдан туриб ўқитувчи ўз маънавий оламини шакллантириши қийин. Ҳўш, юқорида номлари тилга олинган буюк зотлар, мутафаккирларнинг бизга қолдирган буюк мероси нимадан иборат? Энг аввало ўз ватани ва халқига содиқлик, адолатли жамият барпо этиш, комил инсонни тарбиялаш ўрта асрлар Шарқ алломаларининг маънавий-аҳлоқий қиёфасини ташкил этган. Ана шу анъаналарнинг давом этиши эса бугунги замонавий ўзбек ўқитувчиси – мураббийининг энг устувор мақсади бўлиши лозим.

Ўқитувчининг маънавий қиёфаси тизимида эътиқод масаласи алоҳида ўринга эга. Маълумки, эътиқод инсон ўзи танлаган мақсадини, ишонган қадриятини тафаккур тарзи орқали енгилмас кучга айлантириш воситаси ҳисобланади. Эътиқод ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, шаклланмайди. Назаримизда, инсон эътиқодини шакллантиришга кўмак берувчи қуйидаги омилларни эътиборга олиш тўғри бўларди: билим, ғоя, тажриба, эҳтиёж ва ҳиссиёт. Ушбу омилларнинг муштараклиги, шубҳасиз, инсонда юксак эътиқодни шакллантиради. Инсонинг кучи, қудрати унинг эътиқодида билинади.

Ўқитувчи маънавий қиёфасининг муҳим бўлагини ҳам эътиқод ташкил этади. Эътиқод келишувчанлик, мослашувчанликни инкор этади. Шу маънода ўқувчи ўқитувчининг фақат ва фақат ўз эътиқодига суянган ҳолда берган билимигагина ишонади. Ўқитувчининг эътиқоди теран фикр, воқеа-ҳодисаларни илмий жиҳатдан таҳлил этиш асносида юзага келган хулоса натижасида шаклланади. Дарсда, расмий давраларда мустақиллик, озодлик тўғрисида сабоқ бериб, кўчада, норасмий давраларда совет даврида гугуртнинг бир тийинлигини, Москвага самолёт чиптаси нархи 56 сўм эканлигини гапириши бундай “домла”нинг нафақат совет даврини қўмсаши, айни пайтда, унинг эътиқодсизлигидан даракдир. Бугунги ўқувчи оқ билан қорани, тўғри билан нотўғрининг фарқини жуда тез илғайди. Эътиқоди суст ўқитувчининг гапига у ишонмайди, ундан безади.

Ўқитувчининг эътиқодини безайдиган яна бир муҳим омил бор. Бу унинг гўзал феъл-атворидир. Феъл-атвор инсон томонидан эгалланган билим билан бевосита боғлиқ бўлсада, аммо у кўпроқ аждодлар мероси, ота-она, оила тажрибасига ҳам боғлиқдир. Ҳусайн воиз Кошифий инсондаги гўзал феъл-атворнинг нишонасини 10 нарсада кўради. Улар қуйидагилардан иборат: биринчи нишонаси – яхшилик; иккинчиси – инсофли бўлиш; учинчиси – бошқа одамдан айб қидирмаслик; тўртинчиси бирор кишида ножўя ҳаракат кўрса, уни яхши йўлга бошлаш; бешинчиси – бир одам ўз айбига иқрор бўлиб узр этса, узрини қабул қилиш; олтинчиси – бошқалар учун машаққатни ўз устига олиш; еттинчиси – фақат ўз манфаатини эмас, ўзгалар ва жамият манфаатини ҳам ҳурмат қилиш; саккизинчиси – очиқ юзли, ширин сўзли бўлиш; тўққизинчиси – мулойим ва тавозели бўлиш; ўнинчиси – муҳтожларнинг ҳожатларини чиқариш. (Дурдоналар хазинаси. – Тошкент, 1999. 8-бет).

Шубҳасиз, юқорида санаб ўтилган хислатлар ҳар бир инсоннинг, айниқса, ўқитувчининг маънавий қиёфасини тўлдириб туриши муҳимдир. Ўқитувчининг ютуғи ўзи берган билимнинг қумга сингиб кетган сув каби йўқолишини эмас, аксинча, унинг реал ҳаётдаги рўёбини кўришидадир. Бошқача сўз билан айтганда, кимки, жумладан, ўқитувчи ўз фикри, мулоҳазаси, ғоясининг реал кучга айланганлигини ўз ўқувчисининг билими, тўғри ҳатти – ҳаракати, теварак – атрофга муносабатида кўриш бахтига муяссар бўлса, ундай кишини ўз мақсадига эришган сифатида баҳолаш мумкин. Конфуцийнинг шогирдларидан бири Зижанг ўз устозидан инсон ўзининг таълимотини қай йўсинда ҳаётга тадбиқ этиши мумкинлигини сўрайди. Устоз эса шундай жавоб беради: “Сўзлаганда самимий ва ростгўй бўлсанг, ҳаракатларингда меҳрибон ва эҳтиромли бўлсанг, ҳатто ёввойи халқлар мамлакатида ҳам таълимотингни тадбиқ эта оласан. Сўзлаганда самимий ва ростгўй бўлмасанг, ҳаракатларингда меҳрибон ва эҳтиромли бўлмасанг, ҳатто ўзингнинг ерингда ҳам таълимотингни юргаза олмайсан” (Конфуций. Суҳбат ва мулоҳазалар. – Тошкент, 2014. 145-бет).

Ушбу фикрларнинг тубида айни ҳақиқат ётибди. Демак, ўқитувчининг маънавий қиёфаси унинг маънавий жасорати асосида шаклланади. Тор даражада ўйлаш, фикрлаш, ижтимоий фаолсизлик, янгиликка қизиқишнинг сустлиги, ҳақиқатни англаб етишдаги сабрсизлик – буларнинг бари маънавий жасоратни сўндиради. Шу маънода республика ва жаҳон миқёсидаги фан олимпиадалар, танловларда ўқувчиси ғолиб бўлган ўқитувчилар, ҳар куни ўз шогирдларига илм-фаннинг янгиликларини ўргатишга, уларда чексиз миллатпарварлик ва ватанпарварлик ғояларини сингдиришга ўзини масъул деб билган ҳар қандай устоз – муаллим аслида маънавий жасорат кўрсатган инсондир. 

Фикримизча ўқитувчи-муаллим маънавий қиёфасининг шаклланишига кучли ижобий таъсир кўрсатувчи омиллардан яна бири бу – унинг ўзига қўядиган талабидир. Қачонки инсон ўзига юксак талаблар қўймас экан, унда ўзидан қониқиш ҳисси пайдо бўлаверади. Талаб ҳар биримизда соғлом эҳтиёжни юзага келтиради. Шу маънода кимки ўзига юксак талаблар қўйсагина у ўзининг том маънодаги мукаммаллигига эришиши мумкин. Бу гапнинг мазмуни шундан иборатки, бугунги дунё тобора ўзгариб бормоқда. Глобаллашув ҳаёт суръатларини тезлатиб юборди, мамлакатлар тақдирида бир-бири билан боғлиқлик жиҳатлари кўпайиб кетмоқда. Бир мамлакатнинг муаммоси тезликда бошқа мамлакат муаммосига айланмоқда. Шу тарзда яшаш, тирикчилик муаммосини ҳал этиш, тинчлик-хотиржамликни таъминлаш учун гўёки мусобақалар бошлангандек. Ҳақиқатдан ҳам шундай.

Ўқитувчининг маънавий қиёфаси хусусида фикр билдира туриб унинг фаолиятида ижод масаласи алоҳида ўрин эгаллашини айтмаслик хато бўлади. Ҳа, дарҳақиқат, ўқитувчи ижодкор. Ижод қилиш, кашф этиш, янгилик яратиш инсон табиатидаги энг катта мўъжиза ҳисобланади. Инсон ёпиқ жамиятда ижод қила олмайди. Шу маънода совет мустабид тизими шароитида, яъни ёпиқ жамиятда унинг аъзолари, айниқса ўқитувчилар ўзларининг ижодкорлик кучидан маҳрум бўлдилар, моддий манфаатларга интилиб яшашга устувор аҳамият берилди.

Умуман, инсоннинг, ҳусусан, ўқитувчи-мураббийларнинг маънавий қиёфаси жамиятда таркиб топган ижтимоий-сиёсий, маънавий-мафкуравий муҳитга кўп жиҳатдан боғлиқ. Одатда мустабид жамиятларда, юқорида қайд этилгани каби, ёпиқ муҳитларда Миллатнинг энг зиёли қатлами ҳисобланган қисми ўқитувчилар фаолияти мафкуравий жиҳатдан кучли назоратда бўлади. Бу нарсага барчамиз гувоҳмиз. Аммо, мустақиллик йилларида жамиятнинг ўзи ўқитувчи маънавий қиёфасини шакллантиришдан манфаатдор бўлмоқда. Бу – очиқ жамиятнинг талаби ҳисобланади.

Буюк мутафаккир шоиримиз Мир Алишер Навоий бундай деган эди: “Илмда замонасининг ягонаси бўлса-ю, жоҳилларга қарши курашмаса, бундан нима фойда?” (Алишер Навоий. Ҳикматлар. – Тошкент, 2014. 118-бет). Жуда тўғри ўйлаб топилган фикр. Бугун Ўзбекистонлик ўқитувчи-мураббийлар ҳам илмда замонасининг илғорлари, ҳам ўз билимларини миллат ва мамлакат келажаги бўлган ёшларга беришдан манфаатдор бўлган инсонлардир. Аслида уларнинг маънавий қиёфаси Ўзбекистоннинг бугунги кундаги қиёфасининг, тоборо ўзгариб, ривожланиб бораётган мамлакатимиз қиёфасининг аксидир.

Абдуҳалил Маврулов, тарих фанлари доктори, профессор 
2016 йил 21 октябрь

 

Мавзуга оид