Жамият | 12:08 / 09.02.2017
58732
3 дақиқада ўқилади

Морган Фриман «суратга тушган» ўзбек фильми намойиши тўхтатиб қўйилди

2017 йил 8 февраль куни ижтимоий тармоқларда миллий кинематография соҳасида тарқатилаётган ахборотлар “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан мониторинг қилинганда “TIMUR FILM” МЧЖ томонидан суратга олинган “Дайди” номли бадиий фильмни жамоатчилик орасида тарғибот қилишда бир қатор қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди. Бу ҳақда агентлик хабар берди

Жумладан, мазкур фильмнинг трейлери, баннерлари ва чипталари чиқарилиб, уларда машҳур киноактёр Морган Фриманнинг Буюк Британия ва Жанубий кореялик киноижодкорлар томонидан 2014 йилда ишлаб чиқарилган “Сўнгги рицарлар” фильмида суратга тушган қиёфаси акс эттирилган. Аммо актёрнинг қиёфаси фильмнинг агентликка тақдим этилган нусхасида бўлмаган, дейилади агентлик расмий билдиришида. 

Унда айтилишича, “Бироқ “TIMUR FILM” МЧЖ томошабинларнинг фильмга нисбатан талабини кучайтиришга эришиш мақсадида машҳур кино юлдузини фильмда суратга тушганлигини билдирувчи ёлғон (чалғитувчи) маълумотлар тарқатиб, истеъмолчиларнинг (томошабинлар) ҳуқуқларини паймол қилган. Бу ҳолат фильмга нисбатан юқори қизиқишни уйғотиб, уни томоша қилишга бўлган талабнинг сунъий равишда ошишига сабаб бўлмоқда”. 

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси талабига кўра, ишлаб чиқарувчи истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товарлари ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Қонуннинг 23-моддасида давлат истеъмолчиларнинг товар сотиб олиши ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиши белгиланган. 

Расмий билдиришда айтилишича, “TIMUR FILM” МЧЖ студияси “Дайди” фильмида бир қатор хорижий фильмлардаги кадрлардан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуни 19-моддаси талабини ҳам бузган. Шулардан келиб чиқиб, ушбу ҳолатлар бўйича Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига ҳамда Интеллектуал мулк агентлигига расмий тақдимнома киритилди. 

Қайд этилган масалалар мазкур давлат идоралари томонидан кўриб чиқилгунига қадар “Дайди” фильмини кинотеатрларда тақдимотини ўтказиш ва кенг намойиш қилишни тўхтатиб туриш кўрсатмаси берилди.

Мавзуга оид