Light | 16:31 / 13.02.2017
45056
4 дақиқада ўқилади

Сайёра туби: ердаги энг чуқур қудуқлар

Сайёрамиз тубига тушиш орзуси, худди инсонни коинотга юбориш режалари билан бир хилда амалга ошмай келмоқда. Хитойликлар 13-асрда 1200 метрлик тешик қазишган бўлса, 30-йилларда бурғулаш ускуналари пайдо бўлиши билан европаликлар уч километрлик ер тубига қадар тушишди, бироқ бу сайёра танасида ўзига хос “тирнаш” бўлди, холос.

Ер ташқи қобиғини бурғулаш глобал лойиҳа сифатида 60-йилларда пайдо бўлган. Мантия тузилмаси ҳақидаги назариялар алоҳида маълумотларга таянгандир. Ер тубига назар солиш бўйича ягона имконият бу ўта чуқур тешикларни бурғулашдир. Океан туби ва ер юзасидаги юзлаб ёриқлар олимларнинг бир қанча саволларига жавоб берди, бироқ улар ёрдамида турли назарияларни текшириш вақти аллақачон ўтди.

 

Siljan Ring (Швеция, 6800 м)
Швециядаги Сильян Ринг вулқонида 80-йилларнинг охирларида шу номдаги қудуқ қазилди. Олимлар айнан шу ердан нобиологик табиий газ манбасини топишга ҳаракат қилишган. Бурғулаш натижаси инвесторлар ҳам, илм-фан ходимларининг ҳам ҳафсаласини пир қилди. Саноат қамровларида ҳеч қандай газ топилмади.

 

Zistersdorf UT2A (Австрия, 8553 м)
Бир неча кичик нефть конлари бўлган Вена нефтгаз бассейни туманида 1977 йилда Zistersdorf UT1A қудуғи қазилди. Ердан 7544 метр чуқурликда чиқариш қийин бўлган газ захиралари топилди, биринчи қудуқ эса кутилмаганда бузилиб кетди ҳамда OMV компанияси 2-қудуқни бурғулашга қарор қилди. Бироқ бу сафар ҳеч қандай углеводород ресурслари топилмаган.

 

Hauptbohrung (ГФР, 9101 м)
Хауптборунг қудуғи Германияда жойлашган бўлиб, 1990-1994 йиллар давомида қазилди. 9 километрлик чуқурликка эга бу қудуқ дунёдаги энг катта чуқурлардан бири бўлиб, бунга бурғулаш маълумотлари ва илмий изланишлар туфайли эришилди.

 

Baden Unit (АҚШ, 9159 м)
Анадарко шаҳри яқинида Lone Star компанияси томонидан қазилган қудуқ. Уни 1970 йилда қазиш бошланган бўлиб, бу иш 545 кун давомида амалга оширилди. Бу қудуқ учун ҳаммаси бўлиб 1,700 тонна цемент ва 150та олмосли исканалар керак бўлди. Унинг умумий қиймати эса компанияга 6 миллион долларга тушди.

 

Bertha Rogers (АҚШ, 9583 м)
Оклахома штатидаги Анадарко нефтгаз бассейни ҳудудидаги яна бир ўта чуқур қудуқ. У 1974 йилда яратилган. Lone Star компанияси ишчилари бурғулаш жараёнига 502 кун сарфлашди. Ишлар 9,5 километрлик чуқурликда эриб кетган олтингугурт конига дуч келингач, тўхтатилди.

 

Кольская (Россия, 12 262 м)
Гиннесснинг рекордлар китобига “ер қобиғига инсон томонидан энг чуқур кириш” бўйича киритилган. 1970 йилнинг май ойида Вильгискоддеоайвинъярви кўлида бурғулаш бошланганда, қудуқнинг чуқурлиги 15 километр бўлиши тахмин қилинганди. Бироқ юқори ҳарорат (Цельсий бўйича 230 даража) туфайли ишларни тўхтатишга мажбур бўлишган. Айни кунларда Кольская қудуғи ёпиб ташланган.

 

BD-04A (Қатар, 12 289 м)
Қатардаги Al-Shaheen нефть конида 7 йил аввал BD-04A геология-қидирув қудуғи қазилганди. Шуниси диққатга сазоворки, Maersk компаниясининг бурғулаш платформаси 36 кун давомида 12 километрлик чуқурликка қадар тушган.

 

OP-11 (Россия, 12 345 м)
2011 йилнинг январь ойида Exxon Neftegas компанияси энг катта қудуқни бурғулаш ишлари якунига етиб қолганини хабар қилди. “Одопту” конида жойлашган ОР-11 шунингдек горизонтал чуқурлик бўйича ҳам рекорд ўрнатди – 11,475 метр. Ишлар атиги 60 кунда тугатилди.

Мавзуга оид