Машҳур Тошкенбоевлар сулоласига 150 йил тўлди
Яқинда ўзбек цирк санъатининг машҳур вакили, Ўзбекистон ва Россия халқ артисти, Меҳнат қаҳрамони, Тошкенбоевлар – ўзбек дорбозлар сулоласи, ўзбек циркининг шаклланиши ва миллий дорбозлик санъатининг ривожига улкан ҳисса қўшган цирк санъаткори Тошканбой Эгамбердиев таваллудига 150 йил тўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги сайти ёзмоқда.
Тошканбой Эгамбердиев 1866 йилнинг март ойида Фарғона водийсининг Асака қишлоғида таваллуд топди. Унинг отаси – Эгамберди XIX асрнинг 50-йилларида Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларига ҳаж сафарига бориб, айнан ўша ерда дорбозлик санъатини ўрганди. Юртига қайтгач, дор тикиб, бу санъатни оммалашишига, ривожлантиришга тамал тошини қўйди, халқ орасида Ҳожи-дорбоз номи билан танилди.
Турган гапки, у ёнига 7 ёшли ўғлини ҳам жалб қилди. Шу кўйи, Тошканбой фаолиятини 7 ёшидан бошлаб, отаси Эгамберди ҳожи билан халқ байрам ва сайилларида, шаҳар майдонларида дорбозлик ўйинларини намойиш этган. 80-йилларга келиб эса мустақил ишлаган, дорбозлик ва симбозлик санъатини мукаммал эгаллаган. 5-6 метр баландликдаги симдор устида 20дан ортиқ машқлар ижро этган, жумладан, баландга ёки узунасига сакраш, оёғига пичоқ, лаган, мис қозон, ёғочоёқ боғлаб ёки баланд пошнали пойабзал кийиб сим устида юриш, бошда қайнаётган самовар олиб ўтиш каби ўз даврининг мураккаб машқларини бажарган. Шунингдек, 25-30 метр баландликда тортилган қия дор устида томошабинларни ҳаяжонга солувчи машқларни ижро этган, чиғириқда гимнастика усулларини бажарган.
1908 йили Тошкентда уюштирилган Туркистон саноат ва ҳунармандчилик кўргазмасида қатнашган Тошканбой Туркистон ўлкасининг энг моҳир дорбози сифатида тан олиниб, фахрий ёрлиқ, қимматбаҳо тўн ҳамда олтин медаль билан мукофотланган. Орадан бир йил ўтиб эса Бухоро амири саройида томоша кўрсатиб, амирнинг олтин медали билан тақдирланган.
Тошканбой 1920-1930 йилларда Ўрта Осиё давлат ва хусусий циркларида ишлаган. 1935 йилди Санкт-Петербург циркида унинг раҳбарлиги ва иштирокида «Дорбозлар» миллий дастури яратилиб, дор ўйинлари илк бор очиқ майдондан цирк гумбази остига кўчирилади. Бу муҳим воқеа ўзбек дорбозлик санъатида янги даврни бошлаб берди. Якка ижрочи бажарадиган машқлар билан бир қаторда, икки, уч ва ҳаттоки тўрт киши ижро этадиган машқлар илк бор намойиш этилди.
1942 йилда Тошкентда, уруш даврининг оғир шароитига қарамай, Тошканбой Эгамбердиев раҳбарлигида Ўзбек цирк жамоаси ташкил этилди. Эътиборли жиҳати, мазкур гуруҳ собиқ Иттифоқда биринчи миллий цирк жамоаси сифатида тан олинди.
1947 йили, 81 ёшида сўнгги марта дорга чиқди ва ўз касбини фарзандларига топширганлигини эълон қилди. Бу вақтга келиб фарзандлари – Қодиржон, Шокиржон, Обиджон ҳам падари бузрукворлари “этагини” ушлаб, анча маҳоратларини тоблаб олишганди. Шундай қилиб, у қадимий дорбозлик санъатини бир неча поғонага кўтариб, уни замонавий циркнинг бадиий ифода воситалари ва мураккаб ўйинлари билан бойитиб келаётган ва ўзбек дорбозлик санъатини жаҳон цирки майдонларига олиб чиқаётган Тошкенбоевлар сулоласига асос солди.
Қодиржон миллий цирк санъатининг турли жанрларини — бесуяк, муаллақчилик, чиғириқ ўйини, дорбозлик, симбозлик, масхарабозлик, ёғочоёқ ва бошқаларни эгаллаб, 1920—30 йилларда отаси билан биргаликда давлат ва хусусий циркларда ишлаган. 1935 йилдан эса «Дорбозлар» дастурида қатнашган.
Шокиржон раҳбарлигида 1950 йили Тошкентдаги «Саҳнадаги цирк» бирлашмаси қошида «Ўзбек дорбозлари» гуруҳи ташкил этилди ва бу гуруҳ қадимий дорбозлик санъатини янги поғонага кўтарди. Илк бор дорда муҳофаза воситаси — «лонжа»ни ишлата бошлади ва натижада анъанавий репертуар бир қатор янги мураккаб машқлар билан бойиди. Хусусан, очиқ ҳаводаги дор устида «кўприкча» шаклида туриш,елка билан дорга тиралиб, оёқларни тепага чўзиш каби трюкларни биринчи маротаба Шокиржон ижро этди. Унинг рафиқаси Марьям эса Ўзбекистондаги биринчи дорбоз аёл сифатида тарихга кирди.
Обиджон 1949 йилдан «Дорбозлар» дастурига раҳбарлик қилди, 1960-1969 йиллари эса ўзбек цирки жамоасининг бадиий раҳбари бўлди. 3-7 киши томонидан ижро этиладиган бир қатор мураккаб дор ўйинларининг муаллифи ва иштирокчисидир.
Тошканбой Эгамбердиев 1950-1956 йилларда Тошкент Давлат цирки бадиий раҳбари лавозимида фаолият кўрсатди. 90 ёшга киргандагина нафақага чиқди. Ҳозирги кунда Ўзбек Давлат циркида сулоланинг бешинчи ва олтинчи авлод вакиллари фаолият юритиб келмоқда, улар жаҳон цирк ареналарини ларзага солиб, турли халқаро мусобақаларда фахрли ўринларни эгалламоқда.
Дорбозлар ҳақида гап кетганда, 1995 йили Тошкентда Марказий Осиё миқёсида илк бор ўтказилган 1-Марказий Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросимида спорт тарихида биринчи марта олимпия машъалини дор устидан олиб ўтилганлигини ёдингизга солмоқчимиз. “Пахтакор” Марказий стадионининг майдонидан то стадион таблоси устига ўрнатилган махсус ўт олдириш ускунасигача бўлган масофани қўлида машъала билан кўтарилган дорбоз ҳам айнан Тошкенбоевлар сулоласидан – Тошканбой Эгамбердиевнинг чевараси Тоҳиржон эди.
Бир сўз билан айтганда, Тошкенбоевлар сулоласи вакиллари ўз санъатларини Европа, Осиё, Америка ва Африканинг 30дан ортиқ мамлакатларида намойиш этишди. Тошкент давлат цирки, унинг туғилиб ўсган макони Асакадаги маданият ва истироҳат боғига Тошканбой Эгамбердиев номи берилди. Миллий цирк санъатини ривожлантириш ва уни жаҳон майдонига олиб чиқиш мақсадида 1995 йили Тошканбой Эгамбердиев номидаги Халқаро хайрия жамғармаси ташкил этилди. Тошкенбоевлар ҳақида «Саҳнада — ўзбек цирки» (Германия), «Майдонда — миллий цирк» (Россия), «Дорбоз Тошкенбоевлар», «Ўзбек цирки», «Томоша давом этади» ҳужжатли фильмлари ишланган.
Куни кеча пойтахтимиздаги Тошкент давлат циркида Тошканбой Эгамбердиев таваллудининг 150 йиллигига бағишланган томоша намойиш этилди. Унда цирк артистларининг чиқишлари билан бирга турли даврларда Тошкенбоевлар сулоласининг вакиллари билан яқин муносабатда бўлган Фаррух Зокиров, Козим Қаюмов, Зариповлар сулоласидан, Республика эстрада-цирк коллежи директори Карима Зарипова ва бошқалар сулоланинг ҳозирги давр етакчиси Олимжон Тошкенбоев устозлигидаги оиласи вакилларини ушбу юбилей сана билан самимий муборакбод этишди.
Тошканбой Эгамбердиевнинг ўзбек цирки ривожига қўшган хиссаси, унинг давомчиларининг санъати ҳақида ҳикоя қилиб берувчи ҳужжатли фильм, уларнинг фаолиятини ёритувчи суратлар кўргазмаси намойиш этилди.
Мавзуга оид
11:55 / 09.11.2024
Ўзбекистонда цирк томошаларида ёввойи ҳайвонлардан фойдаланиш тақиқланмоқда
12:43 / 18.01.2023
Ўзбекистон халқ артисти Ҳаким Зарипов 99 ёшида вафот этди
18:48 / 03.02.2022
Пахтакорда циркчиларнинг бўғоз шери ўлди. Бунга «замҳоким»нинг бюрократлиги сабаб бўлдими?
10:42 / 05.01.2022