Ўзбекистон | 18:48 / 03.02.2022
32044
5 дақиқада ўқилади

Пахтакорда циркчиларнинг бўғоз шери ўлди. Бунга «замҳоким»нинг бюрократлиги сабаб бўлдими?

Жиззах вилояти Пахтакор тумани ҳокими ўринбосарининг тадбиркор фаолиятига аралашуви оқибатида шер ва бошқа ҳайвонлар очликдан ўлгани ҳақида Kun.uz’га «Шаҳрисабз зооцирк» хусусий корхонаси иш юритувчиси Абубакрсухроб Мамадалиев хабар бермоқда.

Мамадалиев Пахтакор туманига кўчма ҳайвонот боғини олиб бориши тўғрисида бир ой аввал туман ҳокимлиги ва ИИБга хат жўнатган. У 2022 йилнинг 31 январ куни ҳайвонот боғини туман марказига, аҳоли гавжум бўладиган жойга олиб келиб ўрнатганини айтмоқда.

«Пахтакорга келиб, ҳайвонларимизни қафасга чиқармоқчи бўлганимизда туман ҳокимлигининг мутахассиси келиб, бизни ҳоким ўринбосари Фазлиддин Қўлдошев билан телефон орқали гаплаштирди. Қўлдошев телефонда ҳайвонларимизни вагондан чиқармасликни, бошқа жойга кўчишимизни талаб қилди. Ҳоким ўринбосари айтган жой аҳоли келиши учун ноқулай бўлиб, катта юк машиналаримиз, вагонларимиз лойга ботиб қолади. Харажатларимизни у ерда қоплолмаймиз.

Биз барча туман, шаҳарларга кўчма ҳайвонот боғимизни олиб борганимизда катта йўл ёқаларига, аҳоли гавжум ҳудудга жойлашганмиз. «Замҳоким» эътирозидан сўнг Пахтакор туман ИИБ раҳбарлари билан гаплашдим. Улар қаршилик билдиришмади. Энг ёмони, икки кун давомида ҳайвонларимизни ташқарига, овқатланадиган қафасига чиқара олмадик ва уларни овқатлантиришнинг иложи бўлмади. Кеча, 2 феврал куни эрталаб вагон ичида бўғоз она шеримиз очликдан ўлиб қолибди. Битта тулкимиз ҳам нобуд бўлган, жайраларимиз оч қолгач, бир-бирига ҳужум қилган ва битта жайра ҳам ўлган», деди иш бошқарувчи Мамадалиев.

Иккинчи томоннинг фикрини билиш мақсадида ҳоким ўринбосари Фазлиддин Қўлдошев билан телефон орқали боғландик. Қўлдошев кўчма ҳайвонот боғи туғуруқхона бўлими яқинига жойлаштирилгани ва биринчи навбатда беморлар эътироз қилишаётганини маълум қилди. Қолаверса, катта йўл ёқасига яқин экани турли бахтсиз ҳодисаларга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

«Ана, бемалол фаолиятларини давом эттиришсин, қаршилигимиз йўқ. Бироқ юқоридаги сабабларга кўра кўчма ҳайвонот боғининг бу ерга жойлашишига рухсат беролмаймиз», деди Қўлдошев.

Кўчма ҳайвонот боғи иш бошқарувчиси Абубакрсухроб Мамадалиев биз билан бугун, 3 феврал куни яна телефон орқали боғланди. Улар Жиззах вилоят прокуратурасига мурожаат қилганидан сўнг муаммога ечим топилгани, айнан ўша жойлашилган ҳудудда фаолиятларини давом эттиришга рухсат берилганини маълум қилди.

«Айни вақтда ҳам водийлик ҳамкасбларимиз вилоятнинг Зарбдор туманида томоша кўрсатяпти. Улар ҳам худди биздек йўл ёқасига яқин ҳудудда жойлашишган. Атрофимиз ўралган, ҳайвонларимиз қафасда бўлса, кимга қандай зарар етказишимиз мумкин?» деди Мамадалиев.

Мамадалиевнинг қўшимча қилишича, шундоқ ҳам бугунги кунда ҳайвонларни харид қилиш, уларни боқиш мураккаб бўлган шароитда ҳоким ўринбосарининг фаолиятга тўсқинлик қилгани ҳайвонларнинг ўлимига сабаб бўлган.

Маълум бўлишича, бугунги кунда битта шернинг нархи 2 500 АҚШ долларини ташкил қилади. Тулки ва жайралар 200-300 АҚШ доллари атрофида.

2020 йил 26 майдаги «Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонида «2020 йил 1 сентябрдан бошлаб кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларига оммавий тадбир ўтказиш учун рухсатнома ва рухсат бериш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни олиш талаб этилмайди, бунда тадбир ташкилотчилари уни ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида ички ишлар органларини камида 10 кун олдин ёзма равишда хабардор қилади; ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органлари кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларида жамоат тартиби ва ёнғин хавфсизлигини тўлов ундирилмаган ҳолда таъминлайди», деб ёзиб қўйилган.

Ушбу фармонда маҳаллий ҳокимликнинг аралашуви ва рухсати ҳақида гап-сўз йўқ.

Қизиқ, Пахтакор тумани ҳокими ўринбосари Қўлдошев «Шаҳрисабз зооцирк» хусусий корхонаси қаерда томоша кўрсатишига нега аралашяпти? Нега тадбиркорга ИИБ, Миллий гвардия ёки Фавқулодда вазиятлар бўлими эътироз қилмаган бир пайтда ҳокимият тўсқинлик қиляпти? Умуман, вилоят прокуратурасига мурожаат қилингач, кўчма ҳайвонот боғининг айнан ўша ерда фаолиятини давом эттиришига рухсат берилгани айтилмоқда. Шундай экан, ҳоким ўринбосари ростдан бюрократлик қилдими ёки бу ерда бошқа сабаблар ҳам борми? Агар «замҳоким» ҳақиқатан ҳам ваколат доирасидан чиққан бўлса, тадбиркор айтганидек ҳайвонлар ўлими учун товон тўлаши керак эмасми?

Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид