Жаҳон | 18:14 / 21.02.2017
32157
3 дақиқада ўқилади

Илҳом Алиев нима учун рафиқасини вице-президент этиб тайинлаганини тушунтириб берди

Фото: AP

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев турмуш ўртоғи Меҳрибон Алиеванинг биринчи вице-президент этиб тайинланишини унинг республика ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётидаги ўта муҳим ўрни билан боғлади.

"Меҳрибон Алиева узоқ йиллар давомида мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётида муҳим ўрин тутиб келади. У мамлакатдаги энг йирик сиёсий куч ҳисобланган “Ени Озарбойжон” партияси раисининг ўринбосари бўлиб, унинг аъзолари сони 700 минг кишигача етади", - дея айтиб ўтган давлат раҳбари Озарбойжон Хавфсизлик кенгаши йиғилишида рафиқасини таништира туриб.

Шунингдек, унинг таъкидлашича, Алиева 2005 йилдан бери Миллий Мажлис (парламент) депутати ҳисобланади ҳамда бу лавозимда “катта ишни амалга оширди”. "Унинг депутат сифатидаги фаолияти сайловчилар муаммосини ҳал этишга йўналтирилган", - дея таъкидлаб ўтди президент. Унинг сўзларига кўра, Алиева мамлакатдаги энг йирик нодавлат ташкилот – Ҳайдар Алиев Жамғармасига раҳбарлик қилади, бундан ташқари, биринчи Европа ўйинлари ташкилий қўмитасига ҳам етакчилик қилган. Ўйинлар Боку шаҳрида 2015 йилда муваффақиятли ўтказилган эди.

Мамлакат етакчиси ўз рафиқасининг кўп қиррали хайрия фаолияти, унинг мамлакатда маданият ва таълимни ривожлантириш бўйича лойиҳалари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. "Бу кўп қиррали ва муваффақиятли фаолият бундай қарор қабул қилишимда катта ўрин тутди", - дея хулоса қилган президент. Унинг қўшимча қилишича, "Меҳрибон Алиева – профессионал, билимли, принципиал ва олийжаноб инсондир".

Ўз навбатида, биринчи вице-президент этиб тайинланган аёл, ўз зиммасига юклатилган вазифаларнинг нақадар масъулиятни эканини ҳис этиб тургани ва унга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қилишини айтиб ўтди. Алиеванинг таъкидлашича, ўзининг ҳар кунлик фаолияти давомида "инсонпарварлик, меҳр-шафқат, ўзаро ҳурмат, олийжаноблик тамойилларига амал қилади, шунингдек, аввало Озарбойжон манфаатларини устун қўйиб, ўз мамлакатига шараф билан хизмат қилади".
 
Маълумот учун, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ўзининг турмуш ўртоғи Меҳрибон Алиевани республиканинг биринчи вице-президенти этиб тайинлаш ҳақидаги қарорга сешанба куни имзо чекди. Мамлакат конституциясига кўра, давлат раҳбари ўз мажбуриятларини бажара олмай қолган тақдирда президент ваколатлари биринчи вице-президентга ўтади. Ўтган йилнинг 26 сентябрида Озарбойжонда конституцияга ўзгаришлар киритишга доир референдум бўлиб ўтди. Бошқа ваколатлар билан бир қаторда президент ваколатлари муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди, вице-президентлар лавозимлари жорий қилинди, давлат раҳбари лавозимига номзодларга нисбатан ёшга доир чекловлар бекор қилинди. Алиева тайинлангунга қадар биринчи вице-президент лавозими бўш бўлган. 

Мавзуга оид