Ўзбекистон | 21:23 / 01.03.2017
38813
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекча кашфиёт: Ошқовоқ палагида бодринг

Тошкент давлат аграр университети доценти Салоҳиддин Юнусов ошқовоқ пояларида бодринг етиштирди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

«Касбим тақозоси билан деҳқонлар ва фермерлар билан тез-тез учрашиб тураман. Улар касалликларга чидамли, серҳосил, экспортбоп навларни сўраб-суриштиришади. Албатта, деҳқон не машаққатлар билан ерга уруғ қадайди, парвариш қилади. Агар экин ҳосилга кирмасдан пояси сарғайиб, касалланса, қанчадан-қанча меҳнат чиппакка чиқади. Шунда қовоқни бодрингга пайванд қилиш ва бунда уларнинг экиш муддати ва поясининг диаметрига эътибор қаратдик. Бодринг қовоқгуллилар оиласига мансуб бир йиллик экин бўлиб, қовоқ эса нисбатан қурғоқчиликка ва касалликларга чидамли бўлганлиги туфайли уларни пайвандлаш мумкин. Бунда қовоқнинг бир қанча нав намуналари ва бодрингнинг «Ўзбекистон – 740» нави ўрганилди», – дейди С.Юнусов. 

Пайвандлаш усулида кўчатларни парваришлаш катта эътибор талаб қилади. Пайвандланган ўсимликларнинг кесилган жойи битгунга қадар махсус ҳимояланган жойда ҳаво намлигини 90-95 фоиз ва ҳаво ҳароратининг кундузи 20-25 даража, кечаси 16-19 даража бўлишини таъминлаш учун 4-6 кун давомида назорат қилиб турилади. Пайвандланган кўчатлар бодринг етиштириш агротехник тадбирлари асосида парваришланади. Бунда кўчатлар очиқ майдонга қўш қатор қилиб, лентасимон усулда экилади. 

«Ўтган йили мана шу пайвандланган бодринг кўчатидан экканмиз. Ростини айтсам, аввалига бу усулда бодринг етиштиришдан бироз чўчиганман. Қандай бўлар экан? Шунча меҳнатга куйиб қолмасмиканман, деган хаёлга боргандим. Аммо бир гектардан ўттиз беш тонна ҳосил олиб, ҳосилдорликдан кўзларим қувнади. Илгари оддий усулда бодринг етиштириб, гектарига йигирма, йигирма беш тонна ҳосил олардик. Баъзида пояси тез сарғайиб, касалланиши оқибатида яна ҳам кам ҳосил бўларди. Бу бодринг пояси ёзнинг иссиғига чидамли, юқори ҳосилдорлиги, мазали таъми ҳамда узоқ муддатгача яхши сақланиши билан бизга маъқул бўлди. Жорий йилда уч гектарда пайвандланган бодринг экамиз. Ҳозирданоқ кўплаб заводлар билан шартномалар имзолаганмиз», – дейди Андижон вилояти Асака туманидаги «Самар агро завод» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳодир Аҳмедов.. 

«Касалликларга чидамли, маҳаллий иқлим шароитига мос, серҳосил, эртапишар навларни яратиш ва ресурстежамкор етиштириш технологияларини ишлаб чиқиш олимларимиз фаолиятининг асосини ташкил этади. Кейинги йилларда университетимиз олимлари бодрингнинг очиқ майдон учун олтита, ҳимояланган майдонда етиштириш учун тўртта янги навини яратди», – дейди С.Юнусов.

Ўзбекистонда етиштирилган мева-сабзавотлар дунёда витаминларга бойлиги билан довруғ қозонган. Австрия фермерлар ташкилоти томонидан чоп этиладиган Bio Austria журналида Ўзбекистон экологик тоза маҳсулотлар етиштириш борасида улкан салоҳиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланган. Унда ушбу соҳани янада ривожлантириш учун қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш зарурлиги қайд этилиб, австриялик сармоядорларнинг эътибори Ўзбекистон агросаноат тараққиётига қаратилган. 

Мамлакат қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида озиқ-овқат экин майдонлари кенгайтирилиб, уларнинг парваришида органик, биологик ва маҳаллий ўғитлардан фойдаланилмоқда. Ҳатто қайта ишлаш, сақлаш жараёнида ҳам сунъий қўшимчалар қўшилишига йўл қўйилмайди. Бундан кўзланган асосий мақсад битта: табиий ва экологик тоза маҳсулотлар етказиб беришни кўпайтириш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришдир. 

Мавзуга оид