Бодринг 2-3 минг сўм – бу нарх харажатни қоплайдими? Деҳқонлар билан суҳбат
Ўзбекистон бозорлари бодрингга тўлган пайт. Расталарда қоплаб сотилаётган бу неъмат баҳоси сўнгги кунларда анча арзонлаб кетди. Йирик шаҳарларда 4-5 мингга тушиб қолган барра бодринглар деҳқонлар томонидан улгуржи 2-3 минг сўмдан берилмоқда.
Қизиқ, бу нарх қилинган харажатни қоплармикан? Меҳнат қилган деҳқон қандайдир даромадга эга бўлармикан? Бу саволларга жавоб олиш учун юртимизнинг бодринг энг кўп етиштирилувчи уч ҳудуди – Андижон вилояти, Фарғонанинг Олтиариқ тумани, Хоразм вилояти миришкорлари билан суҳбатлашдик.
Сабоҳиддин Йўлдошев, олтиариқлик деҳқон: “Бодрингдан одам бойиб кетмайди, лекин рўзғорлик пул чиқиб туради”
– Бизнинг Олтиариқ туманимиз бодрингнинг асл кони ҳисобланади. Севимли шоиримиз Анвар Обиджон бежиз бу неъмат ҳақида асарлар ёзмаган. Энг эрта етиштирадиганлар ҳам, энг кўп ва сифатли етказадиганлар ҳам биз томондаги деҳқонлар, десам мақтаниш бўлмайди.
Бодрингнинг олдини узганимизда улгуржи 11-12 минг сўмдан сотдик. Бугунги кундаги нарх 3 минг сўм атрофида, бу яна кўтарилгани. Чунки ўртада кунлар исиб кетган пайтларда 2 минг сўмгача ҳам тушиб кетди.
Лекин ҳозир нарх арзон бўлса ҳам, ҳосилга барака кирган, ортиқча харажат қилинмайдиган пайт. Икки-уч кунда бир сув қуйиб, кунора ҳосилни йиғаверасиз, 4-5 сотих жойдан 5-6 қоп узаверасиз. Нарх арзон бўлса ҳам, ҳосил мўл. Қимматлигида ҳам меҳнати кўп, ҳам оз ҳосил оласиз.
– Савол шунда-да, бугунги нархлар ўзини, қилинган меҳнатни қоплайдими?
– Бодринг ўзи “бойиб кетаман”, деб томорқага экилмайди. Бу асосан кундалик харажатларга яраб турадиган экин. Апрель-май ойларида, халқимиз тили билан айтганда айни “илик узилди” пайтида кунлик даромад бериб туради. Лекин шу ози ҳам кўп коримизга ярайди, масалан, яқинда тўплаб Тошкентда ўқиётган қизимнинг контрактини тўлаб келдим. Рўзғорга ярайдиган баракали нарса-да бу. Катта даромадни асосан бирваракайига узиладиган ва сотиладиган узумдан оламиз.
Ҳусанбой Алиев, Асака: “Бизда Қирғизистон бозори таъсири кучли”
– Бодринг шундай нарсаки, вақти келса узишга ҳам эриниб қоласиз. Чунки ўртача икки ойгача тинимсиз ҳосил бериб турадиган бошқа экин турини мен очиғи билмайман. Ҳозир 2700-2800 сўмдан сотяпмиз. 5 сотихли иссиқхонамдан кунора 150-200 кг ҳосил чиқариб турибман. Тўғри, арзон туюлиши мумкин. Лекин тез-тез сотиб турганингиздан кейин хурсанд бўласиз-да. Шукр, нолисак уят бўлади.
Бир жиҳатни айтиб ўтсам – бизда Қирғизистон бозорининг таъсири катта. Қўшни давлатдан келиб кўп олиб кетишади. Уларнинг бирор кун келмай қолиши ёки кўпроқ олиб кетиб қолиши дарҳол бозорга таъсир қилади.
– Бодринг нархи тушса-да, помидор у қадар арзонламаяпти. Тўғри, чакана нарх 20 минг сўмдан 10 минг сўмга, яъни ярмига тушгандир. Лекин бодринг сингари 4-5 баробар тушиб кетмаяпти.
– Сабаби, помидор экиш камайиб кетди. Помидор нисбатан инжиқ, камҳосил ва кўп меҳнат талаб қиладиган ўсимлик. Олдинлари бизнинг ҳудуддаги томорқаларда асосан помидор етиштириларди. Чунки кўк помидор катта миқдорда Россияга ташиларди ва яхши даромад келтирарди. Ҳозирги кунда экспорт билан асосан катта иссиқхоналар шуғулланишяпти. Биз каби кичик майдонда деҳқончилик қиладиганларга бодринг қулай бўлиб қолди.
Раҳимбой Дурдиев, Хоразм: “Аллоҳга шукр, бодринг учун энг зўр йил бўлди”
– Бодрингнинг илк ҳосилини 13-14 мингдан сотдик. Ҳозир 3 минг сўм атрофида олиб кетишяпти. Бу жуда баракали неъмат ҳисобланади. Бизнинг ҳудудларда эрта баҳорда экилгани табиий иссиқлик билан 45-50 кунда ҳосилга кираверади. Ана шундан кейин ўртача 50-60 кун ҳосил бераверади. Бу йил Аллоҳга шукр ҳосилдорлик, сув, нарх ва бошқа жиҳатлардан ҳақиқий бодринг йили бўлди. Даромадимиз кўнгилдагидек, биз деҳқонлар олдинги йилларда ҳам нолимаганмиз. Худо хоҳласа сув яхши бўлиб, шолимиздан ҳам умидимиз катта.
– Нега помидорни кўпроқ экмайсизлар, нархи яхши-ку?
– Юқорида айтганимдек, бодринг 45 кундаям ҳосилга кириши мумкин. Помидорга эса икки баробар кўп вақт сарфланади. Кейин помидор тез ҳосилдан қолади, меҳнати нисбатан оғирроқ. Бодринг кўз ўнгингизда кўпайиб кетаверадиган неъмат, узиб сотиб турсангиз бас. Кейин бодрингнинг истеъмоли ҳам кўп. Арзонлиги учун одамлар оғринмай сотиб олади, истаганича ейди.
Аслида нархлар бу қадар тафовут қилиши деҳқончилигимиз жуда таваккалга асосланганлигидан. Чунки биз йил бошида бирор экин қадаётганимизда ҳеч бўлмаса вилоятимизда неча киши ёки хўжалик шу экинни экаётганини билмаймиз. Бир йил бодринг ёки помидор яхши даромад берса, кейинги йил ҳамма шуни эка бошлайди, нарх бирданига тушиб кетади. Яъни ҳамма маҳсулотни бир меъёрда етиштириш бўйича ҳисоб-китобдан бехабармиз.
Маълумот учун: Бугунги кунда пойтахт бозорларида бодрингнинг чакана нархлари 4-6 минг, дўконларда ўртача 5-7 минг сўм. Вилоятлардаги, туманлардаги нарх нисбатан пастроқ. Энг арзон чакана нархлар Фарғона ва Андижон вилоятларида 3,5-4 минг сўм атрофида.
Деҳқонлардаги улгуржи баҳодан бу қадар фарқланиши сабабини тўғри тушуниш лозим – логистика, сақлаш, сотиш харажатлари, иш ҳақлари маҳсулот нархидан қатъи назар, ўша 1 кг учун тақсимланаверади. Яъни келадиган транспорт сабзига ҳам, бодрингга ҳам, гилосга ҳам деярли бир хил йўлкира олади. Сақловчи ҳам, сотувчи ҳам ҳар бир кг маҳсулотдан ўзининг минимал фойдасини кўриши лозим. Шундай пайтда энг арзон маҳсулотга қўйилган устама фоиз ҳисобида катта бўлиб кетади.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
15:45 / 21.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
11:37 / 20.11.2024
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида импортни 50 фоизга қисқартириш режалаштирилмоқда
21:20 / 19.11.2024