Батумидаги тартибсизликлар тафсилотлари. 40дан ортиқ киши қўлга олинган
Грузиянинг Батуми шаҳрида уюштирилган митинг оқибатида юзага келган тартибсизликлар якунида 40дан ортиқ киши қўлга олинди. Бу ҳақда Грузия ИИВ раҳбари Георгий Мгебришвили маълум қилган.
"Грузия ҳудудида бунга ўхшаш тартибсизликлар куч қўлланиши орқали тўхтатилади. Тартибсизликларда иштирок этган шахслар қонун бўйича жазоланади", - деган вазир.
Унинг сўзларига кўра, қўлга олинганларнинг баъзилари бўйича тергов ишлари бошланган. У "Рустави 2" телеканали орқали чиқишида барчани уйида ўтиришга чақирган.
"Мен вазирликда кадрлар ўзгаришини истисно этмайман. Аммо бу воқеаларга жиддий ёндашилади", - деган Мгебришвили. У Батумида ёки мамлакатнинг бошқа шаҳарларида фуқаролар қонун чегараларидан ташқари чиқиш қилишига нисбатан куч ишлатилишидан огоҳлантирган.
11 март оқшомида Батумида юзлаб кишилар Аджария полиция бошқармаси истеъфога чиқишини талаб қилиб, намойишга чиқди. Сўнгра намойишчилар ва полициячилар ўртасида тўқнашувлар бошланган. Шаҳарнинг турли нуқталарида полициячиларнинг автомобиллари ёқиб юборилган.
Аджария соғлиқни сақлаш вазири Заал Микеладзенинг маълумот беришича, Батумидаги клиникаларга тартибсизликлар вақтида жабрланган 33 киши мурожаат қилган, шундан 15 нафари полициячилар бўлган.
Шанба куни Батумида патрул полицияси ходими автомобил ҳайдовчисини йўл ҳаракати қоидасини бузгани учун жаримага тортган. Гувоҳларнинг айтишича, полициячи бу вақтда ҳайдовчини қаттиқ ҳақорат қилганди. Ҳайдовчини атрофдаги кишилар қўллаб-қувватлашган. Натижада полицияга бўйсунмаганлиги учун 6 киши қўлга олинган. Тез орада Аджария полицияси бошқармаси биноси олдида минглаб кишилар тўпланган. Улар патрул полицияси бошлиғи Малхаз Батиашвилининг истеъфога чиқарилишини талаб этишган. Улар Батиашвили лавозимга тайинлангач, асоссиз жаримага тортиш ҳолатлари ва жарима миқдорлари кескин кўпайганини билдиришган.
Акция тез орада тартибсизликка айланиб кетган. Грузия ИИВ раҳбари Георгий Мгебришвили Батумига етиб борган. Шаҳарда тез орада тартиб ўрнатилди.
Мавзуга оид
13:40 / 21.10.2024
Тбилисида Европа тарафдорлари митингида ўн минглаб кишилар қатнашди
07:54 / 31.07.2024
Венесуэла мухолифати сайлов якунлари бўйича янги митингларни ваъда қилмоқда
16:59 / 15.07.2024
«Шифокор буни мўъжиза деб атади» — Трамп суиқасддан қандай омон қолгани ҳақида
10:41 / 13.06.2024